Тошкент шаҳрида ўзи билан бирга яшаб келаётган аёлнинг 3 ёшли боласини пичоқлаб ўлдирган эркак 24 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар қилди.

2024 йил 9 июль куни 30 ёшли эркак қонуний никоҳдан ўтмасдан яшаб келган аёл билан ўзаро жанжаллашган. Оқибатда у аёлнинг биринчи турмушидан бўлган 3 ёшли ўғил фарзандига пичоқ билан бир неча маротаба жароҳат етказган. Шундан сўнг эркак ҳодиса жойидан яширинган. Бола шифохонага олиб келингунга қадар вафот этгани ҳақида хабар бергандик.

29 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида С.М.га (эркак, 1993 йилда Фарғона вилоятида туғилган) оид жиноят ишини биринчи инстанциясида кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг судьяси С. Абдуғаниев раислигида кўриб чиқилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ С.М. Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в», «ж» бандлари (Айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни ўта шафқатсизлик билан ўлдириш), 25,97-моддаси 2-қисми «б», «г», «ж», «р» бандлари (Ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлни; ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсни ёки унинг яқин қариндошларини ўта шафқатсизлик билан такроран ёки хавфли рецидивист томонидан ўлдиришга уриниш), 219-моддаси 2-қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 251−1-моддаси 3-қисмида (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи ёхуд заҳарли моддаларни ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш ёхуд уларни ўтказиш мақсадида тайёрлаш ёхуд қайта ишлаш учун асбоб-ускуналарни тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш, жўнатиш ёки ўтказиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида 24 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шу билан бирга Жиноят кодексининг 50-моддаси 9-қисмига асосан судланувчига тайинланган жазонинг дастлабки 4 йилини турмага қамаш тариқасида ва қолган қисмини қаттиқ тартибли колонияларда ўтаттирилиш белгиланди.

Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади.