Украинанинг ҳарбий асирлар билан ишлаш бўйича мувофиқлаштирувчи штаби хабарига кўра, репатриация тадбирлари натижасида Украина Қуролли кучларининг Россия-Украина уруши пайтида ҳалок бўлган 502 нафар ҳарбий хизматчисининг жасади Украинага қайтарилди.

Бунда Донецк йўналишида ҳалок бўлган Украина Қуролли кучларининг 397 нафар аскари, Луганск йўналишидаги 24 нафар, Запорожье йўналишидаги 64 нафар ҳарбий хизматчи, шунингдек, Россия ҳудудидаги ўликхоналардан 17 нафар аскарнинг жасади ватанига юборилди.

Россия расмийлари ҳозирча бу тадбир ҳақида расман хабар бермади. «Военний осведомитель» каналининг ёзишича, Украинадан 48 нафар россиялик ҳарбийнинг жасади қайтарилган. Россиялик журналист Александр Коц эса «Киев дастлаб келишилганидек 48 та жасад эмас, балки 52 нафар ҳалок бўлганни топширди», деб хабар берди.

Бундан олдин Россия ва Украина ўртасида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг жасадларини алмашиш 8 ноябрь куни бўлиб ўтган эди. Ўшанда Украина томонига 563 нафар, Россия томонига 37 нафар ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг жасади топширилган.