Янгиҳаёт туманининг «Йўлдош» мавзесидаги 409 та ёғоч уйларда яшовчи 21 минг нафардан ортиқ аҳоли туманда қуриладиган янги кўп қаватли уйларга кўчирилади. Кўп йиллик дарахтлар билан ўралган ёғоч уйлар ўрнида дендропарк қурилади. 28 ноябрь куни Янгиҳаёт тумани ҳокими Ҳаёт Иноғомов ва Tashkent Invest компанияси бошқарув раиси Баҳром Шокиров туманда ўтган матбуот анжуманида 4300 та хонадондаги фуқароларни 1,5 трлн сўмга «Гулшанобод» маҳалласидаги «Янги маҳалла» турар-жой мажмуасига кўчириш режалари ҳақида маълумот берди. Унда «Газета.uz» мухбири ҳам иштирок этди.
Toshkent Invest компанияси ҳокимлик билан бирга ёғоч уйларда яшаган аҳолини янги турар-жойларга кўчириш ва эски уйлар ўрнида яшил боғ барпо қилиш бўйича дастур ишлаб чиққан. «Газета.uz» аввалроқ унинг умумий тавсифи ҳақида ёзганди.
Tashkent Invest компанияси фуқаролар кўчириладиган янги уйлар қурилишида иштирок этмайди. Компания раиси ташкилот қурувчи ва давлат ўртасида воситачилик қилиши, шунингдек, қурилиш жараёнида инвесторга юклатиладиган ижтимоий мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилишини, якунда фуқароларнинг янги хонадонга кўчиб ўтишини таъминлашини маълум қилди. «Йўлдош» мавзесидаги аҳоли кўчиб ўтадиган янги уйларни инвесторлар ўз ҳисобидан молиялаштиради.
Баҳром Шакиров (чапда).
«Қўшма лойиҳалардан олинаётган даромадлар улар учун молиявий манба бўлади. Бу лойиҳада уларнинг амали кўпроқ даромад олиш эмас, ижтимоий ёрдам кўрсатиш сифатида кўриб чиқилмоқда. Мавзедагиларни кўчириб ўтказишдан даромад кўзланмаган», — деди Баҳром Шокиров.
«Гулшанобод» маҳалласидаги 24 гектар майдонда қуриладиган «Янги маҳалла» турар-жой мажмуаси лойиҳасини турар-жой бинолари қурилиши билан шуғулланувчи «GC-Group Industries» МЧЖ 2024−2027 йиллар давомида амалга оширади. Қурувчи ташкилотга ёғоч уйларда яшовчиларга янги уй қуриш лойиҳаси тендер асосида берилмаган. Баҳром Шокировнинг айтишича, Tashkent Invest қурувчи ташкилот учун ҳужжатда талаблар белгилаган, улар ижтимоий мажбурият асосида ишлаши ташкилот томонидан назорат қилинади. Қурувчига ёғоч уйлардаги фуқароларни бепул тарзда янги уй билан таъминлаш мажбурияти юклатилган. Шунингдек, «Янги маҳалла» турар-жой мажмуаси 13 392 та хонадонга мўлжалланган, унда фақат ёғоч уйлардан кўчиб келганлар яшамайди. Туман ҳокимининг таъкидлашича, янги уйларга жойлашишда асосан «Йўлдош» мавзесидагиларга устунлик берилади. Қолган жойларида сотиладиган уйлар бўлади.
Ёғоч уйлар қачон бузилади?
«„Йўлдош“ мавзесидаги ёғоч уйларда яшовчиларни келгуси 2−3 йилда бепул равишда босқичма-босқич кўчириш бошланади. Янги бинолар битгунча фуқаролар ўз ёғоч уйида яшаб туради. Янги уй эксплуатация жараёнидан ўтгач, фуқаролар келиб, ўзлари учун уйларни танлайди ва кейин кўчиб келади. Агар янги уйга ўтишни истамайдиган фуқаролар учраса, биз улар билан гаплашамиз. Уларга айнан ўша „Йўлдош“ мавзеси яқинидаги кўп қаватли уйларда имконият топилса, яшаш таклифини беришимиз мумкин. Бу ҳолатлар инвесторлар билан бирга ўрганиб чиқилади», — деди Tashkent Invest раиси.
Туман ҳокими Ҳаёт Иноғомов эски уйлар бузилгач, ҳудудда бирор катта қурилиш қилинмаслиги, 60 йиллик дарахтларни сақлаб қолиш учун дендропарк барпо қилинишига ваъда берди.
Шунингдек, у эски уйидан кўчишни истамайдиган фуқароларга нисбатан бу уйлар 60 йил хизмат қилгани, бугун бўлмаса, эртага фавқулодда ҳолатга келиб қолиши мумкинлигини тушунишларини сўради.
«Балки, янги уйлар битгунча 2027−2028 йиллар кириб келар. Унгача бу уйлар яна эскиришда давом этмоқда: 1) уй тахталари чиримоқда, 2) зараркунанда ҳашаротлар кўпайиб кетмоқда. Фуқаролар қўшниси кўчаётганини кўриб ҳам балки фикри ўзгариб қолар. Унгача янги уйга қарши чиқаётган аҳолимиз тахминан 10−15 фоизни ташкил қилмоқда. Улар билан ҳам албатта келишамиз», — деди ҳоким.
Ёғоч уйларда яшаганлар янги уйга бепул жойлашади
Баҳром Шокировнинг сўзларига кўра, одамлардан бўшаган уйлар давлат ихтиёрига ўтади. Кейинчалик давлат томонидан ер текисланиб, дендропарк қилинади. Инвестор билан уйларни битириб, тайёр хонадонни фуқароларга беришга келишдик. Кўчиб келувчилар минимал даражадаги ошхона жиҳозлари, санузел, газ плиталари кабиларни қабул қилиб олади. Фуқаролар ўзи эгалик қилган уйга нисбатан қўшимча 20 фоизгача кўпроқ катталикдаги хонадонни олишлари мумкин. Айтайлик, фуқарода 50 кв метр катталикдаги уйи бор. Унда 20 фоизгача, масалан қўшимча 10 кв метр катталикдаги уйни олиш ҳуқуқи бор, деди у.
Ёғоч уйлар атрофидаги айрим ижтимоий объектлар ҳам бузилади
Тадбирда келтирилган маълумотларга кўра, туманда икки қаватлидан ташқари бир қаватли ёғоч уйлар ҳам бор. Дендропаркка айлантириладиган 80 гектар ер асосан бир ва икки қаватли ёғоч уйлар қурилган жойлардир. Унинг атрофида бир қатор капитал таъмирланган мактаб ва ёғоч боғчалар, шунингдек, Фавқулодда вазиятлар академияси ҳам қурилган. Катта майдон паркка айлантирилганда фақат академия ва капитал таъмирланган мактаблар қолади, ёғоч боғчалар ҳам бузилади. Айрим ёғоч уйларнинг биринчи қаватидаги хусусий хизмат кўрсатиш шохобчалари, мини заводлар ҳам бузилиб, бўшатилади. Ҳоким уларни қолдириб бўлмаслигини таъкидлади. Шунингдек, ёғоч уйлар яқинидаги 9 қаватли янги қурилган уйлар бузилмайди. Туман кўп тармоқлик тиббиёт маркази ҳам ўз жойида қолади.
Дендропарк лойиҳаси 2025 йилда тайёр бўлади
Туман ҳокими ёғоч уйлар ўрнида яратиладиган яшил боғнинг лойиҳаси ҳозир тайёрланаётганини, у тахминан келаси йил апрель-май ойларида оммага кўрсатилишига ишонтирди. Шунингдек, мазкур қурилиш режалари ҳақида ҳали аҳоли ҳам тўлиқ огоҳлантирилмаган. Ҳокимлик ҳар шанба кунлари фуқаролар кўчирилиши бўйича аҳолида сўровлар пайдо бўлса, уларга қурувчилар маҳалла раислари билан бирга ахборот беришини ваъда қилди.