Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчиси Равшанбек Алимов 29 ноябрь куни Туркманистон пойтахти Ашхободга ташриф буюрди, дея хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Равшанбек Алимов бунгача 2020 йилдан буён Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келаётган эди.
58 ёшли дипломат Н.Бауман номидаги Москва давлат техника университетини, Президент ҳузуридаги давлат бошқаруви академиясини, Жоржтаун университетини (АҚШ) тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 1990 йилда вилоят даражасида Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги тизимида (ҳозирги Инвестиция, саноат ва савдо вазирлиги) бошлаган. Кейин Президент девони, бош вазир котибиятида, Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигида бошқарма бошлиғи лавозимларида ишлаган.
2002−2008 йилларда эса Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси ва ўриндошлик асосида Молдовада элчи, шунингдек, Франциядаги ва ўриндошлик асосида Португалияда элчи бўлиб ишлаган.
Равшанбек Алимов 2008 йилдан буён Москвадаги элчихонада маслаҳатчи, марказий аппаратда бўлим бошлиғи ва бошқарма бошлиғи лавозимларида фаолият кўрсатган. 2020 йилда у сенатор этиб сайланган.
Алимов 2016—2024 йилларда Ўзбекистоннинг Ашхободдаги элчиси бўлиб ишлаган Акмал Қўчқоров ўрнига тайинланди.