Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича Хитой билан икки томонлама музокараларни якунлади. Бу ҳақда президентнинг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Урунов ўзининг LinkedIn саҳифасида маълум қилди.

«Пекин шаҳрига жуда қисқа, бироқ самарали ташриф бўлди. Хитой Халқ Республикаси билан икки томонлама музокаралар ниҳоясига етди», — деб ёзди у.

Манба: LinkedIn / Azizbek UrunovМанба: LinkedIn / Azizbek Urunov

Азизбек Урунов Хитой Тижорат вазирлиги, вазир ўринбосари Ли Фей, департамент директори Ли Дефенг ва бутун жамоага конструктив мулоқот учун миннатдорчилик билдирди.

«Йил якуни Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги бўйича жуда мазмунли бўлмоқда — иккита энг йирик глобал савдо эгалари — Америка ва Хитой билан музокаралар якунланди. 22 та мамлакат билан музокаралар тугади, кўп қолмади!», — деб ёзди у.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2026 йилгача Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлмоқчи. Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши — чуқур ўйланган ва узоқни кўзлаган танлов, қолаверса, ислоҳотларнинг ажралмас бир қисми эканини айтганди. «Иқтисодиётимизга олдинлари протекция қайсидир маънода керак эди. Яна шу йўлда давом этсак, имкониятларимиз чекланиб қолади», — деганди у ишбилармонлар билан учрашувда.

Азизбек Урунов таъкидлаганидек, Ўзбекистон яқинда АҚШ билан икки томонлама музокараларни муваффақиятли якунлади.

«Умид қиламанки, бу қолган давлатлар билан икки томонлама музокараларни тезлаштиришга туртки беради. Бизда кам сонли давлатлар қолди. Музокаралар олиб боришимиз керак бўлган аксарият давлатлар билан жараённи аллақачон якунладик. 21 мамлакат билан музокаралар аллақачон тугаган. Яна бир неча давлатлар билан музокараларни якунлашимиз керак ва 2026 йилда ЖСТга аъзо бўлишни режалаштирмоқдамиз», — деганди Азизбек Урунов 6 ноябрь куни Европа иқтисодиёти кунлари доирасидаги тадбирда.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Россия, Европа Иттифоқи, Хитой, Буюк Британия, Швейцария ва бошқа давлатлар билан музокараларни якунлаши лозим.