Бахтиёр Адилов Алишерович Бухоро вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар қилди.
2020 йил май ойидан бери ушбу лавозимда ишлаб келган Мирали Ҳамроев Муҳаммаджонович ўз аризасига кўра лавозимидан озод қилинди.
Бахтиёр Адилов 1986 йил 22 июнда Бухоро шаҳрида туғилган. 2008 йилда Бухоро давлат университетини битирган. Маълумоти бўйича мутахассислиги — иқтисодчи.
Айни пайтга қадар у Бухоро вилояти Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, 30 ноябрда Бухоро вилоятининг Пешку, Вобкент, Қоровулбозор туманлари ва Когон шаҳри ҳокимлари ўзгарди. Бундан бир кун аввал, 29 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятида қўшимча имкониятларни юзага чиқариш, инвестиция ва иш ўринларини кўпайтириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказди.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда вилоятнинг иқтисодий кўрсаткичлари мавжуд салоҳиятга мос эмаслиги айтилди. Инвестицияларни ўзлаштириш, камбағаллик ва ишсизликни камайтириш борасидаги ишлар қониқарсизлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу боис ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари ва сектор раҳбарлари 6 ой фавқулодда иш тартибига ўтиши таъкидланди.