Тошкент шаҳар маъмурий судининг тафтиш ҳайъати 8 ноябрь куни Дўстлик (собиқ Бобур) боғини инвесторга бериш тўғрисидаги ишни кўриб чиқди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири. Суд мажлиси судья Бекзод Мўминов раислигида бўлиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов 26 мартдаги қарори билан Дўстлик (собиқ Бобур) боғини Ғафур Ғулом боғини реконструкция қилган BPM Smart Decision Management компаниясига 49 йилга ижарага берган эди. Ҳоким қарори маҳаллий ҳокимият органларининг қарорлари эълон қилинадиган E-Qaror сайтида омма учун очиқланмаган. Вазирлар Маҳкамасининг қарори ҳам «хизмат мақсадларида фойдаланиш учун» тамғаси остида. Етти мажлисга чўзилган биринчи суд жараёни июнь ойида маъмурий ишлар бўйича Тошкент туманлараро судида бўлиб ўтганди. Ўшанда суд аҳоли талабини рад этганди. Иккинчи инстанция октябрь ойи бошида Тошкент шаҳар маъмурий судида бўлиб ўтди. Бу суд ҳам аввалги инстанция қарорини ўз кучида қолдирди.

дўстлик боғи, bmp smart decision management, суд

8 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Татьяна Довлатова, Надежда Лисенко, Каромат Мирзаева, Никита Лемешко ва бошқалар, шунингдек, уларнинг адвокати Сабина Сидакова, Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакили Шоакмал Асқаров ва Тошкент шаҳар Маданият бошқармаси юрист-консультанти Ваҳоб Аҳманов иштирок этди. Йиғилишда BMP Smart Decision Management компанияси вакиллари қатнашмади.

Мажлис аввалида судья Бекзод Мўминов тингловчилардан кимдир муҳокамадан олдин ўз фикрини билдиришни хоҳлаш-хоҳламаслиги ҳақида сўради.

Аҳоли манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокат Сабина Сидакова Дўстлик боғини инвесторга ўтказишда кўплаб тартиб-таомиллар бузилганини таъкидлаб, тендер ўтказилмаганини, Вазирлар Маҳкамаси эса BMP Smart Decision Management компаниясини мустақил равишда танлаб, ўз ваколатларидан ташқарига чиқиб кетганини қайд этиб ўтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, қарорлар тасдиқланган концепция ва «Toshkent Invest» компанияси иштирокисиз қабул қилинган, бу президентнинг ер участкаларини 49 йилгача муддатга ижарага бериш тўғрисидаги фармони талабларига зид. Бундан ташқари, адвокат боғ реконструкциясини қўллаб-қувватловчи имзоларнинг ҳақиқийлигини шубҳа остига олди ва ушбу масала бўйича қабул қилинган барча ҳужжатларни ҳақиқий эмас деб топиш учун асосларни тақдим этди.

дўстлик боғи, bmp smart decision management, суд

Даъвогар Татьяна Довлатова ва Надежда Лисенко боғни инвесторга бериш масаласида жамоатчилик муҳокамаси қарорлар қабул қилинганида нкейин ўтказилгани оқибатида уларнинг муҳокама қилиш ҳуқуқи бузилганлигини таъкидлади. Бундан ташқари, фуқароларнинг ҳаёт фаолияти ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳуқуқлари бузилган, реконструкциянинг ижтимоий ва иқтисодий асосланганлиги эса исботланмаган. Бошқа аризачилар ҳам даъвогарларнинг қарорни бекор қилиш ҳақидаги илтимосини қўллаб-қувватлаб, суддан даъвони қаноатлантиришни сўради («Газета.uz» аввалроқ томонларнинг барча далиллари ҳақида батафсил ёзганди).

«Дўстлик боғи — шаҳардаги табиий муҳит сақланиб қолган сўнгги масканлардан бири. Бу ерда шовқин-суронли аттракционлар ва кўнгилочар нарсалар йўқ, фақат сукунат, хотиржамлик ва асрий дарахтлар бор. Ҳозир биз шаҳар ташвишларидан дам олиш ва табиатдан баҳраманд бўлишимиз мумкин бўлган яшил масканни йўқотишимиз мумкин. Боғда ўнлаб йиллар давомида шаклланган табиий ландшафтни тўлиқ ўзгартириш ва 10 дан ортиқ аттракцион, муз майдони ва мусиқали фаввора ўрнатиш режалаштирилган (аҳолининг норозилиги туфайли инвестор аттракционларни реконструкция қилиш режасини лойиҳадан чиқариб ташлади — таҳр.). Сунъий боғ яратиш учун табиатнинг ўзи яратган ва ҳеч қандай аралашувни талаб қилмайдиган нарсани бузишнинг нима кераги бор? Бу нафақат мақсадга мувофиқ эмас, балки бу ноёб жой экологиясига тузатиб бўлмайдиган зарар етказиши ҳам мумкин. Биз ушбу боғ учун жуда қайғурамиз ва унинг сақланиб қолишига умид қиламиз», — деди Татяна Довлатова.

дўстлик боғи, bmp smart decision management, суд

Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакили Шоакмал Асқаров суддан аҳолининг даъвосини қаноатлантирмасликни сўради. Унинг таъкидлашича, Вазирлар Маҳкамаси қарори ва ҳокимлик қарори давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонунга тўла мувофиқ ҳолда қабул қилинган.

«Агар гап шаҳар аҳолиси эркин кириши учун мўлжалланган жамоат боғи ҳақида кетаётган бўлса, нима учун ҳокимлик қарори „Хизмат мақсадларида фойдаланиш учун“ тамғаси билан яширилган? Боғга алоқадор барча қарорлар жамоатчилик учун очиқ ва шаффоф бўлиши керак эмасми?», — деб сўради ундан Надежда Лисенко.

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида қонун бор. Қонунда Вазирлар Маҳкамаси қарори ижросини таъминлаш белгиланган. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тўғрисидаги қонуннинг 25-моддасига кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига юқори турувчи органларнинг қарорлари, фармонлари ва фармойишлари ижросини таъминлаш тавсия этилган. Биз Вазирлар Маҳкамасининг қарори ижросини таъминладик», — дея жавоб берди Шоакмал Асқаров.

Надежда Лисенко Тошкент шаҳар Маданият бошқармаси вакили Ваҳоб Аҳмановдан боғ ҳудудида жойлашган иккита маданий мерос объектига Маданият вазирлигидан розилик олинган-олинмаганлиги ҳақида сўради. Вакил дастлаб келишув мавжудлигини тасдиқлади, бироқ судьянинг аниқлаштирувчи саволларидан сўнг, бундай маълумотга эга эмаслигини тан олди.

дўстлик боғи, bmp smart decision management, суд

Суд жараёндаги барча иштирокчиларнинг фикрларини тинглаб, якуний қарор қабул қилиш учун мажлисга чиқиб кетди. Охир-оқибат, судья Бекзод Мўминов аҳолининг аризасини қаноатлантириш сўровини рад этди.

«Аризада келтирилган далиллар тасдиқланмади. [Расмийларнинг] қарорлари асосли ва қонуний. Шунинг учун ҳам суд шундай хулосага келди», — деди судья.

Суд, шунингдек, аризачи Аида Мухторовадан давлат бюджети фойдасига 325 минг 500 сўм миқдорида давлат божини ундириш тўғрисида қарор чиқарди.

Учинчи инстанциядаги муваффақиятсизликдан сўнг, аҳоли Олий судга апелляция бериш, шунингдек, халқаро ташкилотларга, жумладан, Greenpeace ва БМТга мурожаат қилиш ниятида.

«Менинг суддаги нутқимга судья томонидан ҳукм чиқарилишидан кўра кўпроқ вақт кетди. Демак, бизнинг сўзларимизга диққат билан қулоқ тутишди, лекин мутлақо тушунишмади, — деди суддан кейин Надежда Лисенко. — Минглаб шаҳарликлар манфаатига дахлдор бўлган бундай жиддий иш бўйича беш дақиқага қолмай қандай қилиб қарор чиқариш мумкин? Биз боғни ҳимоя қилиш учун кўплаб ҳужжатлар, далиллар ва исботларни тақдим этдик, уларни кўриб чиқиш учун анча кўп вақт талаб қилинган бўларди. Афтидан, қарор олдиндан тайёрланганга ўхшайди, бизнинг далилларимиз эса ҳатто эътиборга ҳам олинмади. Бизга рад жавоби беришди, лекин биз таслим бўлмаймиз. Биз ўз боғимизни қайтариб олмагунимизча шикоят қилишда давом этамиз!».