Грузияда норозилик намойишларининг иккинчи куни давомида 107 киши қўлга олинди, улар мамлакатнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши бўйича музокаралар тўхтатилгани сабабли намойишга чиққан, дея хабар берди Грузия ИИВ.

Вазирликнинг таъкидлашича, ҳибсга олишлар 30 ноябрга ўтар кечаси Грузия Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 166 ва 173-моддалари (Полиция ходимининг талабига бўйсунмаслик ва майда безорилик) бўйича амалга оширилган. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, икки кунлик норозилик намойишлари давомида 150 дан ортиқ иштирокчи қўлга олинган.

Вазирликнинг таъкидлашича, Тбилисидаги Руставели проспектидаги парламент биноси олдидаги митинг «йиғилишлар ва намойишлар тўғрисидаги қонунда белгиланган нормалардан ошиб кетган». Намойишлар чоғида 10 нафар полиция ходими жароҳатланган. Шу билан бирга, Грузия ИИВ намойишчилар орасида қанча одам қурбон бўлгани ҳақида маълумот бермади.

29 ноябрь куни кечқурун парламент биноси олдида бошланган акция етти соатга яқин давом этди, полиция 30 ноябрь тонгида кўздан ёш оқизувчи газ ва водомётлар ёрдамида намойишчиларни тарқатиб юборди, бу гал қўлланган ашёлар орасида ўювчи моддалар ҳам бўлгани айтилмоқда.

Кечаси намойиш иштирокчилари Руставели проспектидаги ҳукмрон «Грузин орзуси» партияси офисининг деразаларини синдириб, унинг байроғини юлиб олди. Грузия президенти Саломе Зурабишвили полициянинг намойиш қатнашчиларига қарши ҳаракатларини «Россия услубидаги қатағонлар» билан таққослаб, уларни танқид қилди.

Грузияда норозилик намойишлари 28 ноябрь куни бош вазир Ираклий Кобохидзе мамлакат 2028 йил охиригача Европа Иттифоқига аъзо бўлиш бўйича музокаралардан воз кечишини эълон қилганидан кейин бошланди. Ҳукуматнинг бу қарорига Грузия Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари қарши чиқди. Очиқ мактубда дипломатлар Европа Иттифоқига аъзо бўлиш бўйича музокаралардан воз кечиш «мамлакатнинг стратегик манфаатларига мос келмаслигини» таъкидлади.

Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзе Тбилисидаги норозилик намойишлари фонида шошилинч брифинг ўтказди ва норозиликларга изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, «Грузиянинг „украинлашувига“ эриша олмаган Европа сиёсатчилари ва бюрократлари жамиятда зиддият келтириб чиқаришга ҳаракат қилмоқда».

Кобахидзенинг фикрича, Европа Иттифоқи «Грузия билан музокаралар масаласидан мамлакатни заифлаштириш воситаси сифатида фойдаланмоқда».

Намойишлар бугун ҳам давом этмоқда. Хусусан, одамлар Грузия жамоат телерадиокомпанияси биноси ёнида тўпланди, деб ёзмоқда маҳаллий Paper Kartuli нашри.

Митинг иштирокчилари телеканалдан полиция томонидан намойишчилар ва журналистларга нисбатан зўравонликларни омма олдида қоралашни талаб қилмоқда. Намойишчиларнинг бир қисми телеканал офисининг қабулхонасида бўлиб, жонли эфирга уланишни талаб қилмоқда.

Маълумотларга кўра, хавфсизлик кучларининг ҳаракатларидан жабрланганлар орасида 20 га яқин ОАВ ходимлари ҳам бор.