Миршакар Музаффарович Тўрабоев Когон шаҳри ҳокими этиб тасдиқланди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлиги хабар қилди.

30 ноябрь куни Халқ депутатлари Когон шаҳри кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда вилоят ҳокими Ботир Зарипов нутқ сўзлади. Сессияда ташкилий масала кўрилди.

Ҳаёт Ҳасанович Давлатов Пешку ҳокими бўлгани муносабати билан Когон шаҳар ҳокими лавозимидан озод қилинди. Тўрабоев Миршакар Музаффаровични Когон шаҳар ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги вилоят ҳокимининг қарори ўқиб эшиттирилди.

Миршакар Тўрабоев 1982 йилда Пешку туманида туғилган. 2023 йилда Бухоро давлат университетини битирган. Мутахассислиги — молия ва иқтисодиёт.

Меҳнат фаолиятини Бухоро шаҳри молия бўлими иқтисодчиси сифатида бошлаб, вилоят молия бошқармаси бошлиғи ўринбосари, вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи лавозимларида меҳнат қилган.

Айни пайтга қадар у Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Бундан ташқари Халқ депутатлари Қоровулбозор тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Ўткир Шомаҳмадович Ҳамроев Қоровулбозор тумани ҳокими этиб тасдиқланди.

Ўткир Ҳамроев 1976 йилда Пешку туманида туғилган. 2000 йилда Бухоро давлат университетини, 2011 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини битирган.

Мутахассислиги — иқтисодиёт ва давлат бошқаруви. Меҳнат фаолиятини ҳисобчиликдан бошлаб, Пешку тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, вилоят иқтисодиёт бош бошқармаси бошлиғи, вилоят рақобат бошқармаси ва давлат активларини бошқариш агентлигинг вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи лавозимларида меҳнат қилган.

У 2021 йилдан бери вилоят ҳокимлиги бошқарув аппарати ахборот-таҳлил гуруҳи раҳбари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Туманнинг аввалги ҳокими Акмал Остонов Вобкент туманига ҳоким бўлгани муносабати билан Қоровулбозор тумани ҳокими лавозимидан озод қилинди.

29 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятида қўшимча имкониятларни юзага чиқариш, инвестиция ва иш ўринларини кўпайтириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда вилоятнинг иқтисодий кўрсаткичлари мавжуд салоҳиятга мос эмаслиги айтилди. Инвестицияларни ўзлаштириш, камбағаллик ва ишсизликни камайтириш борасидаги ишлар қониқарсизлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу боис ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари ва сектор раҳбарлари 6 ой фавқулодда иш тартибига ўтиши таъкидланди.