29 ноябрь куни минглаб ишчилар Италия бўйлаб иш ҳақи ва хизматлар сифатини оширишни талаб қилиб, умумий иш ташлашда қатнашди, улар бош вазир Жоржа Мелони ҳукуматининг бюджет режаларига ҳам қарши, деб ёзмоқда AP.

Жума куни давлат хизмати, таълим ходимлари, ишчилар ва жамоат транспорти ходимлари Италияда иккита йирик касаба уюшмаси бирлашмаси — Бутунжаҳон Италия меҳнат конфедерацияси (CGIL) ва Италия меҳнат иттифоқи (UIL) чақириғига биноан умумий иш ташлаш ўтказди.

Касаба уюшмалари ҳукуматнинг келгуси йил учун бюджетни ўзгартириш бўйича режаларини мамлакат муаммоларини ҳал қилиш учун мутлақо етарли эмас деб ҳисоблайди. Улар, шунингдек, иш ҳақи ва пенсияларни ошириш, соғлиқни сақлаш, таълим, коммунал хизматлар ҳамда саноат сиёсатини молиялаштиришни талаб қилмоқда.

Аввалроқ Италия Вазирлар Кенгаши 2025 йил учун қарийб 30 миллиард евро миқдоридаги бюджет режаларини эълон қилган эди, даромад солиғи ва ўрта ҳамда паст даромадли одамлар учун ижтимоий ажратмаларни қисқартириш, банклар ва суғурталовчилар учун солиқларни вақтинча ошириш шулар жумласидан.

CGIL ва UIL аъзолари иштирок этган иш ташлаш темирйўл транспортидан ташқари иқтисодиётнинг барча соҳаларини қамраб олди. Авиаташувлар соҳасида, масалан, ITA давлат компанияси самолёт ходимларининг тўрт соат давом этган иш ташлаши туфайли 68 та рейсни бекор қилганини эълон қилди.

Corriere della Sera газетасининг хабар беришича, бутун мамлакат бўйлаб маҳаллий вақт билан соат 9 дан 13 гача автобуслар ҳаракати, паромлар ва метрода узилишлар кузатилди. Хусусан, Римда иш ташлаш туфайли метрополитен линияларидан бирининг бир нечта бекатлари ёпилди.

Бу ўтган йилнинг ноябрь ойидан бери биринчи умумий иш ташлаш бўлди. Италия соғлиқни сақлаш соҳаси кадрлар танқислигидан азият чекмоқда, бу эса чет элдан ҳамшираларни ёллашга мажбур қилди. «Иш ҳақи жуда паст бўлгани учун кўплаб одамлар чет элга кетмоқда», — деди UIL соғлиқни сақлаш иттифоқи аъзоси Анна Салса Римдаги намойишда.

Намойишчилар, шунингдек, асосий эҳтиёжлар нархининг доимий равишда ошишини ҳам таъкидлади. Инфляциянинг пасайиб бораётганига ишора қилинаётганига қарамай, Codacons истеъмолчиларни ҳимоя қилиш лоббисининг айтишича, тўрт кишилик оила учун озиқ-овқат харажатлари 2024 йилда ўтган йилга нисбатан йиллик 238 евро (251 доллар)га ошган, бу эса кўплаб оилаларни истеъмол харажатларидан тийилишга мажбур қилган.

Италияда бошланғич маошлар Европанинг қолган қисми билан бир хил даражада бўлса-да, иш ҳақи ўсиши суръати орқада қолмоқда, деб таъкидлади Миланнинг Боккони университети меҳнат ҳуқуқи бўйича мутахассиси Маурисио Дел Конте. Бу туфайли Италияда йиллик ўртача ялпи иш ҳақи 35 000 евро (тахминан 37 000 доллар) миқдорида бўлиб, Европа ўртача кўрсаткичларининг қуйи чегарасида жойлашган ва G7 ҳамкорлари бўлмиш Франция ҳамда Германиядан анча ортда қолмоқда.