Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Ўзбекистон каби автомобиллар сони кам мамлакатда минглаб инсон йўл-транспорт ҳодисаларида вафот этаётгани нормал эмаслигини таъкидлади. Бу ҳақда у «Мифономика» подкастида гапирди.
«Ўзбекистонда ҳар йили минглаб одам йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида бевақт вафот этяпти. Кўпчилик буни қандайдир табиий ёки нормал деб қабул қилади, кўпчилик машинада юради, пешонада бор дегандек. Мен инсонларнинг диққатини қуйидаги нарсага қаратмоқчиман: биздаги рақамлар нормал ҳам эмас, табиий ҳам эмас, жуда ғайритабиий», — дейди у.
Унинг айтишича, Ўзбекистон каби автомобиллар кам жойда бунақа кўп ўлим кузатилиши керак эмас.
«Айниқса, автомобиллар сонига солиштирсангиз, рақамлар жуда қўрқинчли. Ўзбекистонда 2023 йилда 2282 киши ЙТҲлар сабаб вафот этди. Автомобиллар сони эса 4 миллиондан кўпроқ. Масалан, Швецияда Ўзбекистондан сал кўпроқ — 5 миллионта автомобиль бор, ўлимлар сони эса 229 нафарни ташкил этади», — дейди иқтисодчи.
Беҳзод Ҳошимов бу ўлимларнинг аксар қисмини бартараф этиш имконли эканини таъкидлади.
«Тасаввур қилинг, бизда 2 мингдан ортиқ эмас, 200 киши вафот этса. Бу ҳам, албатта, фожиа. Лекин орада 1800 кишилик фарқ биз ўзимиз яратган рақамларимиз. Бизнинг айбимиз билан бўлаётган нарса. Бу нарса кўпчиликка имконсиз туюлиши мумкин, лекин ундай эмас. Масалан, Британияда одамлар ЙТҲлардан энг кўп 1960-йилларда вафот этган. Ундан кейин инсонлар ҳам, машиналар ҳам кўпайди, лекин ўлимлар сони каррасига камайган. Демак, бу инсонлар ўзлари тўғрилаши мумкин бўлган нарса», — деди Нью-Йорк университети профессори.
Подкастни тўлиқ қуйидаги ҳавола орқали кўришингиз мумкин: