Ўзбекистон фуқароларига 30 кун давомида Хитойга визасиз саёҳат қилиш имконини берувчи битим 1 декабрь куни Ченду шаҳрида бўлиб ўтган бизнес-форум доирасида икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари томонидан имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов маълум қилди.

«Бу ҳужжат алоқаларимизни янада фаоллаштириш, савдо айланмасини ошириш ва халқлар ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш йўлидаги яна бир муҳим қадамдир», — деди у ХХР ТИВ раҳбари Ван И билан учрашув якунида.

Ўзбекистон ва Хитой раҳбарлари ўтган йилнинг баҳорида президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга давлат ташрифи чоғида виза режимини соддалаштириш бўйича келишувларга эришган эди.

2021 йил март ойидан бошлаб Хитой фуқаролари Ўзбекистонга 10 кун муддатга визасиз киришлари мумкин.

Визасиз режим қачон кучга кириши ҳозирча аниқлаштирилмаган. Бу ҳақда қўшимча маълумот берилади.