Россиялик журналист Алексей Пивоваровнинг суратга олиш гуруҳи ва Ўзбекистоннинг «Хук» (Hook.report) интернет нашри журналисти Фарида Махсетова якшанба куни Нукусда қўлга олинди, деб хабар берди «Хук».
Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Қорақалпоғистон бўйича ҳудудий бошқармаси ҳолат юзасидан изоҳ берди.
«Дастлабки текширув натижасида хорижий журналистлар фаолияти Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида олдиндан аккредитациядан ўтмасдан амалга оширилгани аниқланиб, бу амалдаги қонунчиликни бузиш ҳисобланади», — дейилади хабарда.
«Ҳозирда қўлга олинганлар Нукус шаҳри ички ишлар бошқармасида бўлиб, ҳодиса юзасидан барча ҳолатлар ўрганилмоқда», — дейилади хабарда.
Соат 21:30 атрофида Алексей Пивоваров ўзининг Telegram каналида шундай деб ёзди:
«Айтганимдек, биз ҳозир Ўзбекистондамиз. Нукусда бўлганимизда Ички ишлар вазирлиги ходимлари суҳбатга таклиф қилишди. Биз гаплашдик, ўзимиз ва режаларимиз ҳақида гапириб бердик, ходимлар хушмуомалик кўрсатиб, тўғри муомала қилди. Ҳозир яна йўлга тушамиз. Ҳаммаси яхши!»
Алексей Пивоваров таниқли тележурналист, НТВ ва бошқа телеканалларда ишлаган, сўнгги йилларда постсовет ва узоқ хориж мамлакатлари ҳақида бир қатор кўрсатувлар эълон қилган «Редакция» Youtube канали муаллифи.
Пивоваров ноябрь ойи охирида жамоаси билан Ўзбекистонда эканини маълум қилганди. Нашрлардан бирида улар пахта ипини ишлаб чиқариш жараёнини суратга олаётганини ёзган. Гуруҳ Нукусгача Самарқанд ва Тошкентда бўлган.
Нашр бош муҳаррири Яна Моделованинг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, Фарида Махсетова таҳририят топшириғига кўра эмас, балки россияликлар билан хусусий шаклда ишлаётган бўлган.
Хорижий давлатлар оммавий ахборот воситалари мухбирларининг Ўзбекистон ҳудудидаги касб фаолиятини тартибга солувчи асосий қоидаларга кўра (Ҳукумат қарори билан 2006 йилда тасдиқланган), бундай фаолиятга Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида аккредитация асосида рухсат берилади.