1 декабрь куни Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповга янги ўринбосар тайинланди, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Унга кўра, Ҳафиза Артикова Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари — оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Шу вақтгача мазкур лавозимда ишлаган Феруза Ибрагимова эса бошқа ишга ўтди.

Ҳафиза Артикова 1976 йил 24 декабрда Бухоро туманида туғилган. 1997 йилда Бухоро давлат университетини битирган. Биология фанлари доктори, профессор.

Янги тайинловгача у Бухоро давлат педагогика институтининг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори вазифасида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, 30 ноябрь куни Бахтиёр Адилов вилоят ҳокимига ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимига тайинланганди. Бундан ташқари ўша куни Бухоро вилоятининг Пешку, Вобкент, Қоровулбозор туманлари ва Когон шаҳри ҳокимлари ўзгарди.

29 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятида қўшимча имкониятларни юзага чиқариш, инвестиция ва иш ўринларини кўпайтириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда вилоятнинг иқтисодий кўрсаткичлари мавжуд салоҳиятга мос эмаслиги айтилди. Инвестицияларни ўзлаштириш, камбағаллик ва ишсизликни камайтириш борасидаги ишлар қониқарсизлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу боис ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари ва сектор раҳбарлари 6 ой фавқулодда иш тартибига ўтиши таъкидланди.