Эркин Муҳитдинов Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига ишга ўтди. Бу ҳақда вазирлик раҳбарининг тегишли буйруғи чиқарилган.
Унга кўра, Эркин Мадорбекович Муҳитдинов эндиликда Экология вазирлигининг Ўрмон, биохилмахиллик ва экотуризм сиёсатини юритиш департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди.
У 2024 йилнинг октябрь ойида президент раислигида ўтказилган йиғилишда хизматдаги қатор камчиликлари сабаб Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари лавозимидан озод этилганди.
Эркин Муҳитдинов вилоят ҳокимига 2024 йил 20 май куни биринчи ўринбосар этиб тайинланган. Ундан олдин, 2023 йилнинг август ойидан Оҳангарон туманига ҳокимлик қилиб келаётганди.
Шунингдек, у кўп муддат камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари лавозимида ҳам ишлаган.
Эркин Муҳитдинов 1976 йил Андижон вилояти Андижон шаҳрида туғилган. Маълумоти олий. 1997 йилда Андижон иқтисодиёт бошқарув институти, 2000 йилда Банк-молия академияси, 2007 йилда Ривожланаётган иқтисодиётлар институти Олий мактаб (Япония)ларини тамомлаган.