Тбилиси ва Грузиянинг бошқа шаҳарларида бош вазир Ираклий Кобахидзе мамлакат 2028 йил охиригача Европа Иттифоқига аъзо бўлиш бўйича музокаралардан воз кечишини эълон қилганидан кейин оммавий норозилик намойишлари бешинчи кун давом этмоқда.

Тбилисидаги митингчилар парламент олдида Руставели проспектида йиғилди. BBC ҳисоб-китобларига кўра, ушбу кунларда акцияларда ўн минглаб одамлар иштирок этган.

Полиция биринчи оқшомданоқ намойишчиларга қарши сув ва кўздан ёш оқизувчи газ қўлламоқда. Бунга жавобан намойишчилар баррикадалар қурди, олов ёқди ва куч ишлатувчиларга мушаклардан «пулемёт» улоқтирди.

Грузия Ички ишлар вазирлиги норозилик намойишларининг дастлабки уч кунида полиция жами 224 кишини ҳибсга олганини маълум қилди. Уларни майда безориликда ва полицияга қаршилик кўрсатишда айблашмоқда.

Шунингдек, ҳаракатлар давомида ИИВнинг 113 нафар ходими жароҳатланган, улардан 4 нафари тиббиёт муассасаларида даволанмоқда.

Грузия 2023 йил декабрь ойида Европа Иттифоқига номзод мақомини олганди. Грузиянинг Европа Иттифоқига тўлиқ интеграциялашуви зарурлиги мамлакат конституциясида ҳам қайд этилган.

Шу кунларда Грузияда яна нималар содир бўлди:

  • Намойишчиларни Грузиянинг амалдаги президенти Саломе Зурабишвили қўллаб-қувватлади. У мамлакат парламентини ноқонуний деб атади ва янги сайловлар ўтгунга қадар ўз лавозимини тарк этишдан бош тортди. Намойишларнинг биринчи кунида у акцияларга қўшилди.
  • Ҳукуматнинг Европа интеграциясини тўхтатиш тўғрисидаги қароридан сўнг Грузия элчилари истеъфога чиқди. АҚШ, Нидерландия, Болгария, Италия ва Литвага элчилар ўз лавозимларидан кетди.
  • Грузиянинг бир қанча шаҳарларида мактаб ўқувчилари норозилик намойишлари уюштирди. Мудофаа ва таълим вазирликлари, шунингдек, бошқа қатор давлат ташкилотлари ходимлари ҳукумат ҳаракатларидан норозилиги ҳақида баёнот берди.
  • Бош вазир Ираклий Кобахидзе 30 ноябрь куни бўлиб ўтган брифингда европалик сиёсатчилар ва мухолифатни норозиликларни қўзғатишда айблади. У, шунингдек, намойишчилар томонидан полицияга нисбатан зўравонлик содир этилганини айтди.
  • АҚШ Давлат департаменти «Грузин орзуси» ҳукмрон партиясининг «турли антидемократик ҳаракатлари» туфайли Грузия билан стратегик шерикликни тўхтатганини эълон қилди.