«Маърифат манбаи» жамоат ташкилоти томонидан амалга оширилган «Қишлоқ жойларда тадбиркор аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш» лойиҳасида Қашқадарёнинг шаҳар ва чекка қишлоқларидан салкам 315 нафар хотин-қиз қатнашди. Уларнинг 200 дан ортиғи гиламдўзлик, кигиздўзлик, «босма» усулида кашта тикиш бўйича маҳорат дарсларида сабоқ олди.
Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан таклиф этилган ҳунармандлар кигиз ва кашта тикиш санъатини ўргатди. Шаҳрисабз давлат педагогика университетининг 100 нафардан ортиқ 4-курс талаба қизлари ва битирувчилари онлайн тижорат бўйича тренингларда қатнашди.
«Маърифат манбаи»нинг раиси Лола Сайфи сўзларига кўра, ташаббус АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг тадбиркорлик ва бизнес-муҳитни ривожлантириш лойиҳаси томонидан қўллаб-қувватланди. Маҳаллий даражада Шаҳрисабз ҳокимлиги, Республика «Ҳунарманд» уюшмасининг шаҳар бўлими, шунингдек, икки йил олдин Қашқадарёда қишлоқ аёлларини ҳунармандчиликка ўқитиш ва жалб этиш бўйича биринчи лойиҳа ўтказилган пайтда ташкилот билан илиқ муносабатлар ўрнатган маҳалла қўмиталари кўмаклашди.
«Аёллар ва ёшлар ҳудуднинг иқтисодий ҳаётига етарлича жалб этилмаган. Бунга ишлаб чиқариш корхоналарининг камлиги, меҳнат миграцияси ҳам таъсир кўрсатади — катта ёшдаги эркаклар иш топиш учун бошқа жойларга кетади, оила ва уй хўжалигини юритиш масъулияти эса оналар, аёллар зиммасига тушади. Аёллар ҳатто бирор касбни эгаллашга муваффақ бўлса ҳам, одатда, қишлоқ жойларида уларга талаб кам бўлади. Лойиҳамизнинг вазифаси эса шундан иборатки, чекка қишлоқлардаги аёллар уйда янги билим ва кўникмалар олиш орқали турмуш даражаси ва иқтисодий барқарорлигини ошира олсин», — деди Лола Сайфи.
Шунингдек, лойиҳа ҳудудлараро ва халқаро ҳамкорликни ҳам ривожлантиришга қаратилган бўлиб, бу ҳунармандларга тажриба алмашиш, маҳорат ошириш ва ўз маҳсулотларини сотиш бозорларини кенгайтириш имконини беради.
«Кўп сонли аёлларни материал билан таъминлаган ҳолда, сотиладиган тайёр маҳсулотга эга бўламиз, иложи бўлса улгуржи сотамиз. Буни амалга ошириш учун биз республика, ҳудудий ва халқаро ярмаркалар, фестивалларда иштирок этишни режамизга киритдик. Бундан ташқари, ушбу тадбирлар доирасида ҳунармандчилик бўйича маҳорат дарсларини ўтказдик: масалан, Нукусда — босма нақш солиш бўйича, Тароз (Қозоғистон)да — гилам тўқиш бўйича. Бу орқали лойиҳа иштирокчиларининг доирасини амалда кенгайтирдик. Режа бўйича биз 140 нафар ҳунарманд аёл ва 100 нафар кишини онлайн тижоратга ўқитишимиз керак эди, аслида бундан ҳам кўпроғига эришдик», — дейди лойиҳа бошқарувчиси Елена Цхай.
Сентябрь ойида Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз ва Кўкдала туманлари аёллари томонидан тайёрланган буюмлар Марғилонда бўлиб ўтган Атлас байрамида намойиш этилди. Қўлда тўқилган жун гиламлар энг экологик тоза маҳсулот сифатида диплом билан ҳам тақдирланди.
Лола Сайфининг таъкидлашича, лойиҳа ғояси бир неча йил аввал айнан жун сабаб бошланган.
«Қашқадарё Ўзбекистоннинг энг катта вилоятларидан бири. У ерда, асосан, фермерчилик, хусусан, чорвачилик ривожланган. Мос равишда, жун маҳсулотлари учун тайёр хомашё базаси ҳам бор. Аммо жундан ҳеч қачон бундай фойдаланилмаган: уни ёқиб ё ташлаб юборишган. Бу масалани тузатишга ёрдам берадиган лойиҳамиз эса USAID грантига эга бўлди. Биз қўшни давлатлардан кигизчиларни — қозоғистонлик Наталья Полянская ва қирғизистонлик Мээр Кошелевани таклиф қилдик. Тожикистонлик Наймажон Бобоева аёлларга „босма“ усулида кашта тикишни ўргатди. Афсуски, бизда бу техника деярли йўқолган — у қадимий сўзаналарда ва тошкентлик каштадўз Мадина Қосимбоеванинг ноёб ишларида учрайди, холос», — дейди Лола Сайфи.
Лойиҳа 2024 йилнинг март ойида бошланиб, икки босқичда: апрелдан майгача ва июндан июлгача давом этди ҳамда Шаҳрисабз, Чиял, Шанба, Ҳазор ва Қумқишлоқ қишлоқларини қамраб олди. «Ҳунарманд» уюшмасининг Шаҳрисабз бўлими раҳбари, лойиҳанинг маҳаллий координатори Гулнора Чориева ҳар бир локацияда 15 нафар хотин-қиздан иборат гуруҳларни жамлади.
«Дастлаб 25 ёшдан 40 ёшгача бўлганлар келди. Охирида ёши каттароқ аёллар ҳам кела бошлашди: „Биз — пенсионерлармиз. Нима, бизга мумкинмасми?“, дейишди. Мен: „Албатта, мумкин“, дейман. Бувилар ҳам келиб, ўрганди. Ҳозир ҳар куни олдимга: „Бизга иш бер“, деб келишади», — дейди Гулнора опа.
Таълим жараёни турли жойларда бўлиб ўтди. Бўлажак ҳунарманд аёлларга қўй жунини тўғри тараш, ювиш, танавор (заготовка)ларни шакллантириш ва қолип ёрдамида турли шаклдаги шиппаклар ясаш усуллари кўрсатилди. Гиламдўзлик ва каштачилик бўйича маҳорат дарслари ҳам шундай батафсил бўлган. Улар ҳатто табиий ипакдан, меринос қўшимчалар қўшиб, шарфлар ҳам тўқиб кўришган.
Шароити ҳар хил бўлишига қарамай, иштирокчи хотин-қизларнинг бари таълимни охиригача олганини ташаббускорлар лойиҳанинг энг асосий ютуғи деб ҳисоблайди — бу касб-ҳунарни эгаллаш ва қўшимча даромад топиш учун рағбатнинг нақадар кучли бўлганидан дарак. Баъзи битирувчилар бугун ўз қишлоқларида ҳатто хотин-қизларни ўқитмоқда. Чиял қишлоғида яшовчи Дилафруз Алимованинг бу лойиҳадаги йўли — чинакам муваффақият ҳикоясидир. У ўқишни тугатгач, кооператив очди. Дилафруз опа билан бирга 15 нафар қўшниси ҳам ишлаяпти. Тадбиркор аёл биргина кигиз шиппак сотувидан ҳафтасига 300 доллар даромад олади.
«Хоҳиш бўлса, одам яхшироқ ўрганади, натижа ҳам яхши бўлади. Аёллар таълим олди, қўлида жуни бор, бошқа материалларни, масалан, кашта тикиш учун зарур нарсаларни буюртмачилардан олади. Энди уйда ўтириб, нимадир қилиши, янги нарсаларни ўрганиши мумкин: бошида каштали ёстиқжилдлар тиккан бўлса, энди дастурхон, сочиқ, дўппи, нимчаларга ўтган, кигиздан тўқилган шиппаклар сифати ҳам ошиб боряпти. Келажакда улар [тайёрлаган маҳсулотлар] чиройли бўлиши учун дизайнга ҳам ўргатмоқчиман. Бизда биргина қўй жунининг ўзида етти хил ранг бор: қора, оч жигарранг, оқ, ҳаттоки „жинси“ матога ўхшаш кўк ҳам. Қозоғистон ва Қирғизистон ҳунармандларидан ажралиб туриш учун бундан фойдаланиш керак», — дейди Гулнора Чориева.
Лойиҳанинг алоҳида, ўзига хос йўналишларидан бири — онлайн тижорат тренингларидир. Бу йил Шаҳрисабз давлат педагогика университетининг 4-курс талаба қизларидан 120 нафари мазкур курсларда қатнашди.
«2022 йили биринчи лойиҳа доирасида ҳунарманд аёлларнинг ўзларига онлайн савдо қилишни ўргатган эдик. Улар асосан катта ёшдаги аёллар эди. Гаджетларни ўзлаштириш улар учун осон бўлмаганди. Улар: „Яхшиси, биз буюмларни тайёрлайлик, ёшлар эса интернетда сотақолсин“, деб илтимос қилганди. Шунинг учун бу сафар тренингларни талаба қизлар учун ўтказдик. Шу билан бирга, улар учун, тажриба тариқасида, ҳунармандчилик курслари ҳам очилди, кўпчилик бунга ҳам қизиқиб қолди. Ҳозир Шаҳрисабз ва Китоб туманларидаги учта гуруҳ „босма“ усулда кашта тикишни ўрганяпти ва бу режамиздан ташқари лойиҳа. Шунингдек, биз ўқитган хотин-қизлар бирлашиб, қариндошларини, қўшниларини ишга жалб қиляпти. Лойиҳанинг ҳақиқий ўсиши ва барқарорлиги ҳам мана шунда — бизнинг мақсад ҳам шу эди асли», — дейди Елена Цхай.
Лойиҳа доирасида аёллар томонидан тайёрланган буюмлар «Ҳунарманд» уюшмасининг Шаҳрисабз бўлими кўмагида, шунингдек, Тошкентда сотилмоқда — яқинда Human House галереясига турли бичимдаги кигиз шиппаклар, пахта ва жун гиламлар, кашта солинган ёстиқжилдлар ҳамда ипак шарфлардан иборат маҳсулотлар партияси топширилди. Галерея асосчиси Лола Сайфининг айтишича, сайёҳлар бу маҳсулотларни ўзи учун ва совға сифатида зўр иштиёқ билан сотиб оляпти. Зотан, улар ўз тарихи ва мазмунига эга бўлган, хариди кимнидир қўллаб-қувватлайдиган ва илҳомлантирадиган сувенирларни айниқса яхши кўради.