АҚШ президенти Жо Байден ўғли Ҳантер Байденни 2014 йил 1 январдан 2024 йил 1 декабргача «содир этган ёки содир этган бўлиши мумкин» бўлган жиноятлари учун афв этди, дейилади Оқ уй баёнотида.

Афв этиш барча жиноятларга, жумладан, Ҳантер Байден айбдор деб топилган жиноятларга ҳам тааллуқлидир.

Байден ўғлининг таъқиб қилинишини суд хатоси деб атади. Унинг таъкидлашича, ўғлига қурол сотиб олишда қўйилган айбловлар одатда оғир ҳисобланмайди ва солиқларни тўлаш муддатини кечиктириш жиноий иш саналмайди, аммо «Ҳантерга бошқача муносабатда бўлишган».

«Лавозимга киришган кунимдан бошлаб Адлия вазирлигининг қарорларига аралашмайман, деб ваъда ўзимга бердим ва ўғлимнинг танланган ва адолатсиз равишда жиноий жавобгарликка тортилишини кузатганимда ҳам сўзимда турдим… Ҳантернинг иши фактларига назар солган ҳеч бир ақлли одам Ҳантер менинг ўғлим бўлгани учунгина алоҳида ажратиб олинганидан бошқа хулоса чиқара олмайди — бу эса нотўғри. Ҳатто шафқатсиз ҳужумлар ва танлаб олинган таъқибларга қарамай, беш ярим йил давомида ҳушёр юрган Ҳантерни синдиришга ҳаракат қилишди. Улар Ҳантерни синдиришга уринганларида, мени ҳам синдиришга ҳаракат қилган ва бу ерда тўхтаб қолишига ишониш учун ҳеч қандай асос йўқ. Етар», — деди Байден.

Унинг умид қилишича, америкаликлар ота ва президент нима учун бундай қарорга келганини тушунади.

Жаноб Байден афв этишини эълон қилгандан сўнг 54 ёшли Ҳантер Байден ўз баёноти билан чиқди.

«Мен гиёҳвандликнинг энг қора кунларидаги хатоларимга иқрор бўлдим ва жавобгарликни ўз зиммамга олдим — бу хатолар мени ва оиламни сиёсат йўлида омма олдида камситиш ва шарманда қилиш учун ишлатилди. Бугун менга кўрсатилаётган марҳаматни қадрлайман ва тикланган ҳаётимни ҳали ҳам хаста ва азоб чекаётганларга ёрдам беришга бағишлайман», — деди у.

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Ҳантер Байденнинг афв этилишини адолат тизимини суиистеъмол қилиш ва хатолик деб атади.

Эслатиб ўтамиз, Ҳантер Байденга нисбатан тергов 2018 йилда бошланган, ўшанда у гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш пайтида тўппонча сотиб олгани маълум бўлган. У тўппонча сотиб олаётганда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилмаслиги ҳақида ёлғон гапирганликда, шунингдек, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш даврида ўқотар қуролга эга бўлганликда айбланган. Шундан сўнг Ҳантерга солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва қалбаки солиқ декларациясини тақдим этишда ҳам айб қўйилган.

2023 йилнинг ёзида Ҳантер Байден АҚШ Адлия вазирлиги билан келишув тузган, унга кўра, у ўзини солиққа оид ҳуқуқбузарликларда айбдор деб тан олиши ва бунинг ўрнига ундан ноқонуний қурол сақлаш айбловларини олиб ташлашлари керак эди, бироқ келишув суд томонидан маъқулланмаган.

2024 йил июнь ойида суд маслаҳатчилари Ҳантер Байденни ноқонуний қурол сотиб олишда айбдор деб топган. Ўшанда Жо Байден ҳукмга муносабат билдириб, гиёҳвандликни енгган ўғлини қўллаб-қувватлаган. «Мен президентман, лекин мен отаман ҳам. Жилл ва мен ўғлимизни яхши кўрамиз ва бугун у билан жуда фахрланамиз… Мен бу ишнинг натижасини қабул қиламан ва Ҳантер апелляция шикояти беришни кўриб чиқаётган пайтда суд жараёнини ҳурмат қилишни давом эттираман», — деганди у.

2024 йил сентябрь ойида Ҳантер Байден солиқ соҳасидаги жиноятларда айбига иқрор бўлган. Мазкур иш бўйича суд ҳукми 16 декабрга белгиланганди. Уни 25 йилгача қамоқ хавфи кутаётганди.

Июнь ойида Жо Байден ABC News нашрига берган интервьюсида ўғли Ҳантернинг афв этилишини истисно қилишини ва суднинг ҳар қандай ҳукмини қабул қилишини айтганди. Оқ уй матбуот котиби Жан-Пьер ҳам журналистларнинг саволларига жавоб бераркан, Байден ўғлини кечирмаслиги ҳақида бир неча бор гапирган.