Иш ҳақи ва нафақа пулларининг 5,8 млрд сўми талон-торож қилинганлиги аниқланиб, 71 та жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Прокуратура томонидан ўтказилган назорат тадбирларида кредит маблағларининг 2,5 трлн сўми талон-торож қилини аниқланиб, банк ва мижоз корхоналар раҳбарларига нисбатан 906 та жиноят ишлари қўзғатилди.

2024 йилги инвестиция дастури асосида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган объектларда қурилиш сифати ва маблағлардан мақсадли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилиб, 61,2 млрд сўмлик сифатсиз ишлар ва 82,1 млрд сўмлик қўшиб ёзиш ҳолатлари жойида бартараф этилиб, ҳуқуқбузарликларнинг олди олинган.

Дастур ижроси бўйича олиб борилган назорат тадбирларида қонунни бузган 466 нафар шахс интизомий, 1 минг 854 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди. Қўпол қонун бузилиши ҳолатлари бўйича 262 та жиноят ишлари қўзғатилиб, давлатга етказилган 71 млрд сўм зарар ундирилди.

Кўрилган чоралар натижасида республикадаги маҳаллаларнинг 3646 тасида ёки 38,5 фоизида жиноят қайд этилмади, 4596 таси ёки 48,6 фоизида жиноятчилик барқарор сақланиб қолинишига ва камайишига эришилган.

Терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки терговда қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш чоралари доирасида суриштирув ва тергов органларининг 63 минг 47 нафар шахсга нисбатан 50 888 та жиноят иши ўрганилиб, судларга юборилган.

Бевосита прокуратура органлари томонидан 12 минг 342 та жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ўтказилиб, 11 350 нафар шахсга нисбатан 7 минг 477 та жиноят иши судларга юборилди, жиноят оқибатида етказилган 2,6 трлн сўмлик зарар ундирилди.

Бундан ташқари, ўрганишда республика бўйича археология мероси объектларининг 23 тасига жиддий шикаст етказилганлиги ҳамда 193 та ҳолатда археология мероси объектларининг муҳофаза ҳудуди бузилиб қурилиш қилинганлиги ёки қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экилганлиги аниқланиб, қатъий чоралар кўрилди.

Масалан, Қашқадарё вилоятидаги «Пандирон» масжидининг таъмирлаш — тиклаш ишларида лойиҳа талабларига риоя этилмаганлиги натижасида ёдгорликка 341 млн сўм зарар етказилганлиги ҳамда ҳақиқатда бажарилмаган 622 млн сўмлик ишлар ҳисоботларга қўшиб ёзилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.