Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси 2025 йилги ёшлар Осиё ўйинлари ўтказиладиган манзил ўзгаргани юзасидан расмий баёнот эълон қилди. Ўйинларни Тошкент қабул қилиши керак эди, бироқ душанба куни Осиё олимпия кенгаши (ОCА) мамлакат аризани қайтариб олганини маълум қилди.
Баёнотда айтилишича, ОCА ижроия қўмитаси онлайн йиғилишда МОҚ ва Ўзбекистон Спорт вазирлигининг сўровини кўриб чиққан.
«Пандемиядан кейинги чекловлар сабабли Олимпия шаҳарчаси қурилиши учун зарур воситалар етказиш жараёнида узилишлар кузатилгани ва фойдаланишга топшириш муддати кечикишини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон томони ООКдан мусобақани яна бир йилга суришни сўради», — дейилади баёнотда.
«Бироқ Олимпия спорт турларидаги беллашувлар келгусида Дакар-2026 ўсмирлар ёзги Олимпия ўйинларига саралаш вазифасини бажариши назарда тутилгани боис ООК III ёшлар Осиё ўйинлари 2025 йилда ташкил этилиши муҳимлигини билдирди», — дея таъкидлади МОҚ.
Натижада III Осиё ўйинларига мезбонлик қилиш ҳуқуқи Баҳрайнга топширилди.
ОCА Ўзбекистонга Ислом бирдамлиги ўйинлари ёки Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари каби катталар миёсидаги йирик комплекс тадбирларни ўтказишга тайёргарлик кўришни тавсия қилди.
МОҚнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистонга ташриф буюрган ОАК вакиллари «мамлакатимизда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишларига юқори баҳо берган».
«Тошкентда қурилаётган Олимпия шаҳарчаси фақатгина ёшлар Осиё ўйинлари учун эмас, мажмуани келгусида ўзбек спортининг тараққиётини янги босқичга олиб чиқадиган илмий-методик кластерга айлантириш кўзда тутилган. Унда замонавий спорт объектларидан ташқари Спорт вазирлиги, кўплаб федерация ва ассоциациялар, спорт академияси, спорт тиббиёти илмий-амалий маркази каби иншоотлар ҳам ўрин олиб, бу масканда терма жамоаларимизни тайёрлашдаги назария ва амалиёт бирлашади», — дейилади хабарда.
«Ўзбекистон оммавий спорт ва олимпия ҳаракатини ривожлантиришга содиқ қолмоқда. Шу маънода, Олимпия шаҳарчасини барпо этиш, ундан унумли фойдаланиш ва унинг негизида спортимизни янги босқичга кўтариш бўйича президентимиз томонидан берилган барча топшириқлар ижроси таъминланади ва келажакда бу мажмуа йирик спорт тадбирларини ўтказишга ҳар томонлама тайёр бўлади», — дейилади МОҚ хабарида.