Бир қатор оператив прогностик об-ҳаво моделлари 1 декабрь тунида Марказий Осиёдан булутлар чекинаётганини тасдиқловчи космик тасвирларни кўрсатди. Бундан Ўзбекистонга узоқ муддат ёғингарчиликсиз ва бироз совуқ ҳароратни тақдим этадиган кенг масштабли антициклон яқинлашаётгани англанади. Ўзбекистон ҳафта бошида антициклоннинг жануби-шарқи, ҳафта ўрталарида эса унинг жанубий ва жануби-ғарбий чеккаси таъсирида бўлади.

Манба: Windy.comМанба: Windy.com

Айнан шу таъсир оқибатида таъсирида ҳаво ҳарорати мамлакат шимолида кундузи +5 даражадан, аксарият ҳудудларда +10 даражадан, жанубий вилоятларда +12 даражадан паст бўлиши кутилади. Тунги ҳаво ҳарорати ҳам ноль даража ва ундан пастроқ, шимолий ҳудудлар ва Фарғона водийси вилоятларида, шунингдек, тоғли ҳудудларда нафақат тунда, балки тонгда ҳам ноль даражадан паст совуқ бўлиши прогноз қилиняпти.

Манба: Meteoinfo.ruМанба: Meteoinfo.ru

Иш кунлари антициклон чеккаси таъсирида текисликларда тонг отиши ва Қуёш ботишидан сўнг қалин туман тушиши, Фарғона водийси вилоятларининг текислик ҳудудларида бундай ҳодисалар узоқроқ давом этиши, ҳатто булдуруқ ҳодисаси кузатилиши мумкин. Оддий қилиб айтганда, Ўзбекистонда деярли бутун ҳафта давомида қуруқ ва совуқ ҳарорат кузатилиши мумкин.

Шу билан бирга, якшанба куни Каспий денгизи тарафдан кириб келиши кутилаётган нам ҳаво оқими ёғингарчиликларга сабаб бўлиши мумкин. Ёғинли булутлар минтақага совуқ об-ҳаво фонида яқинлашиб келаётгани учун биринчи ёғишидаёқ қор кўринишида тушиши мумкин.

«Ўзгидромет» прогнозига кўра, 2 декабрь куни республика бўйлаб қуруқ ва совуқ ҳарорат кузатилади. Ҳаво ҳарорати шимолда 0…+5 даража, бошқа ҳудудларда +3…+8 даражагача, жанубда +10 даражагача илиқ, тоғларда -3даража совуқдан +2 даража илиқ орасида ўзгарса, тунда шимолда -8 даража, тоғларда -10 даражагача совуқ кутилади. Бошқа ҳудудларда ҳам ҳарорат минимумлари ноль даража ва ундан паст кузатилади. Текислик ҳудудларига туман тушиши мумкин.

Синоптиклар 3−5 декабрь кунлари Ўзбекистонда қуруқ, ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилиб, жанубда ҳаво ҳарорати максимуми +12 даражагача, аксарият ҳудудларда -5 даража совуққача, шимол ва тоғларда тунда ҳарорат минимумлари -8 даража совуққача пасайиши, туман тушиши кутилмоқда. 5 декабрь куни тоғларда тунги ҳарорат бироз кўтарилишини ҳисобга олмаса, бошқа жойларда душанба, сешанба, чоршанба ва пайшанба кунлари об-ҳаво бир хил бўлиши кутилмоқда.

Жума, шанба ва якшанба кунлари ҳарорат ҳафта боши ва ўрталарига нисбатан бироз кўтарилади, аммо бу каби кўтарилишни кўпчилик деярли сезмайди. Жума ва шанба кунлари ёғингарчилик кутилмайди, шанба куни фақат тоғларга бироз қор ёғиши мумкин. Якшанба куни эса кечга томон Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларида, кейинроқ Фарғона водийсида қор ёғиши мумкин.

Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз марказининг (ECMWF) 2−9 декабр кунлари Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида ўртача ҳафталик ҳарорат шу давр учун хос бўлган иқлимий меъёр атрофида, айрим ҳудудларда эса меъёрдан 1−3 даража паст бўлишини прогноз қилган. Яъни, ҳафта «совуқроқ» бўлади. Фақат Хоразм вилояти ва унга қўшни Қорақалпоғистон Республикасининг туманларида ҳафталик ҳарорат меъёрдан бироз юқори кузатилиши мумкин.

Умуман, ҳафта давомида умумий ҳарорат фони йилнинг шу даври учун мос иқлимий меъёрдан республиканинг катта қисмида 1−3 даража паст бўлиши, ёғингарчилик бўйича эса ҳафта боши қуруқ келиши кутиляпти. Ҳафта давомида асосий аҳоли истиқомат қилувчи ҳудудларда ҳароратнинг сезиларли пасайиши энергетика тармоқларига юкламани ошириши мумкин.

Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири

Ўзбекистон бутун иш ҳафтаси давомида антициклон чеккасининг таъсир доирасида бўлиши, боз устига, мазкур антициклонда атмосфера босими 1030 ва 1035 гПа га яқин бўлиши оқибатида аҳоли антициклон таъсирни ўз танида ҳис қилади.

Қайд этиш жоиз, бундайин юқори атмосфера босими инсон саломатлигига, айниқса, аллергик, астматик ҳамда қон босими хасталикларидан азият чекаётган кишиларга жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу тур беморлар ҳаводаги турли кўринмас майда заррачаларга таъсирчан (агрессив) бўлади, аксига олиб, антициклон вақтидаги тинч об-ҳаво шароитида бу каби зaрралар ҳавода кўп муддат муаллақ сақланади.

Юқори босимли давоий антициклон таъсири инсон танасида бош ва юрак оғриғи, ишчанликнинг сустлашуви, умумий заифлик билан намоён бўлади. Атмосфера босимининг кўтарилиши қондаги лейкоцитлар сонини камайтириб, организмнинг ҳимоя функцияларига салбий таъсир кўрсатади. Буларнинг бари инсон саломатлигини сезиларли даражада ёмонлаштиради ва турли юқумли касалликларга мойил қилиши мумкин.

Тавсиялар. Антициклон таъсирларга мойил кишилар тонгда тетиклаштирувчи енгил душ қабул қилиши, енгил гимнастика машғулотлари билан шуғулланиши ҳамда овқатланиш рационига калий моддасига бой меваларни қўшиши тавсия этилади. Иммун ва асаб тизимини зўриқтирмаслик мақсадида кундалик иш тартибини ҳам маълум муддат бироз ўзгартириш лозим. Иложи бўлса, кўпроқ дам олган маъқул.

Ўзбекистонда антициклон жараёнлари таъсири 1,5−2,5 суткагача, жуда кам ҳолларда 3,5 суткагача давом этиши мумкин.

Бу ҳафта кучли шамоллар бўлиши эҳтимоли деярли йўқ. Ўз-ўзидан, атмосфера босимининг қисқа вақт ичида кескин ўзгариши эҳтимоли ҳам паст. Шундай экан, жорий ҳафта иш кунлари табиий об-ҳаво муҳитининг ички қон босимига таъсир этиши хавфи баланд эмас.

Аммо якшанба куни нам ҳаво оқими, катта эҳтимол, кучли шамоллар билан кириб келади. Бу вақтда атмосфера босимининг қисқа вақт ичида кескин ўзгариши, яъни «барик тубсизлик» ҳодисаси рўй бериши мумкин. Бу ҳодиса ва унда қандай чоралар кўриш лозимлиги ҳақида аввалги материалларда тўхталиб ўтганмиз.

Биоиқлимий шароитлар

Бу ҳафта Ўзбекистоннинг шимолий ва тоғли ҳудудлари, шунингдек, Фарғона водийси вилоятларидаги аҳоли совуқдан кўпроқ таъсирланади. Кундузи илиқдек туюладиган ҳарорат кузатилса-да, кечга томон ҳароратнинг пасайиши одамнинг тез совқотишига сабаб бўлади.

Оддий қилиб айтганда, қалинроқ кийиниш керак. Тунда ва тонгда ҳарорат ноль даража атрофида бўлгани учун, кўпчилик бош кийим кийишга ҳам мажбур бўлади. Шимолда, водийда ва тоғларда эса одамлар қўлини совуқдан асраш учун ҳатто қўлқоп ҳам кийиб олиши мумкин.

Аммо ҳақиқий совуқлик стрессларини хуш кўрувчилар тоғларга чиқиши, қорли манзараларда ҳақиқий қиш нафасидан баҳраманд бўлиши ҳам мумкин, албатта.

Космик таъсирлар

Ўзбекистонликлар ҳафта давомида магнит бўрони қўзғалишларидан таъсирланмайди. Чунки кўплаб прогноз моделлари Қуёш фотосферасидаги сокинлик сабаб, Ер магнитосферасида ҳам вазият барқарор бўлишини тахмин қилган.

Қозоғистондаги Ионосфера институти эълон қилган геомагнит бўрони прогнозида ҳам аҳоли ҳафта давомида саломатликка умуман хавф туғдирмайдиган «яшил» даражадаги қўзғалишлар билан тўқнашиши қайд этилган.

Манба: Ionos.kzМанба: Ionos.kz

Ҳозир дунёда магнит бўронларини икки кундан ортиқ давр учун ишончли прогноз қила оладиган восита ва усуллар мавжуд эмас. Шу боис магнит бўронларига таъсирчан кишилар ўз режаларини яқин икки кунлик магнит бўрони прогнози маълумотларига таяниб тузиши мақсадга мувофиқ.

Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши

Якшанба куни кечга томон Ўзбекистоннинг катта қисмида кутилаётган ёғин-сочинли об-ҳаво майда дисперс заррачалари тарқалишига имкон бермайди. Аммо ҳафтанинг бошқа кунлари антициклонал жараёнлар бундай заррачаларнинг тарқалиши учун қулай муҳитни юзага келтиради. Хусусан, иш кунлари пойтахт ҳавосида ҳам майда дисперс заррачалари билан боғлиқ ифлослик сезиларли кўпайиши тахмин қилинмоқда.

Ҳавода майда чанг заррачаси билан боғлиқ ифлосланиш ортган пайтда қандай ҳаракат қилиш лозимлиги борасида Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тавсиялар тайёрлаган.

Шундай қилиб, 2−8 декабрь саналарида об-ҳаво бўйича энг қулай кунлар жума ва шанба бўлиб, иқлимий ўзгаришларга мойил кўпчилик шу кунларда ўзини анча енгил ҳис қилиши кутиляпти. Айни вақтда, юқорида таъкидланганидек, жорий ҳафта об-ҳавоси энергетика тармоқлари учун яхшигина синов бўлади. Фарғона водийси аҳолиси эса, намлик омили сабаб, бактерияларнинг навбатдаги фаоллигига гувоҳ бўлиши мумкин.