Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида скутерлар, мопедлар, велосипедлар ва бошқа шахсий ҳаракатланиш воситаларининг ҳаракати чекланди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар қилди.
Тегишли ҳудудларга йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан огоҳлантирувчи йўл белгилари ўрнатилмоқда. Эндиликда, бу каби транспорт воситаларида ҳаракатни тақиқловчи йўл белгилари бор жойда ҳаракатланиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.
Автомобилларнинг мазкур ҳудудда ҳаракатланишига автомобилларнинг қатнови тарихий меросга зарар етказиши, қолаверса, бу ҳудудда ҳаракатланаётган кўплаб сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли вакилларига хавф туғдириши мумкинлиги сабаб қилиб кўрсатилган.
Бухоро вилояти ЙҲХБ матбуот хизматининг «Газета.uz»га қўшимча қилишича, шаҳарнинг тарихий ҳудудида, шунингдек, инсон кучи билан ҳаракатланадиган аравалар ҳам тақиқланган.
Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янгиланган 138-моддасига (пиёдалар ва бошқа йўл ҳаракати иштирокчилари томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш) кўра, скутерлар ва шахсий ҳаракатланиш воситаларини (мопедлар ва велосипедлар, от-араваларни бошқараётган ва йўлдан фойдаланувчи бошқа шахслар каби) бошқараётган шахслар томонидан йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслик, устунлик йўл белгилари, тақиқловчи ёки кўрсатма берувчи йўл белгилари талабларига риоя қилмаслик базавий ҳисоблаш миқдорининг 1/3 қисми (ҳозирда 125 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Шахсий ҳаракатланиш воситалари ва скутерлар, шунингдек, мопедлар ва велосипедлар белгиланган тартибда нур қайтаргичлар ва чироқлар билан жиҳозланган бўлиши керак. Ушбу талабни бузганлик учун БҲМнинг 0,5 баравари (187,5 минг сўм) миқдорида жарима назарда тутилган.
Шахсий ҳаракатланиш воситалари ва скутер ҳайдовчилари томонидан одамларни ташиганлик учун ҳам худди шундай жарима қўлланилади.
Скутер ва шахсий ҳаракатланиш воситасини (шунингдек мопед, велосипед ёки арава ҳайдовчи) бошқарувчи шахс томонидан алкоголли ичимлик, гиёҳванд модда таъсирида ёки бошқа турдаги мастлик ҳолатида йўл ҳаракати қоидаларини бузиш БҲМнинг 3 баравари (1 млн 125 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Скутер ёки шахсий ҳаракатланиш воситасини (мопед ва велосипед каби) бошқараётган шахс томонидан мастлик ҳолати бўйича текширувдан ўтишдан бош тортиш (136-модда билан тўлдирилган) БҲМнинг 3 баравари (1 млн 125 минг сўм) миқдорида жарима солишга олиб келади.