Ўзбекистон 2030 йилгача 2 млн гектардан ортиқ деградацияга учраган ерларни тиклаши керак. Бу ҳақда экология вазири Азиз Абдуҳакимов Ар-Риёдда COP16 конференцияси доирасида ўтказилган молиявий сафарбарлик бўйича вазирлар мулоқотида гапирди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.
Қайд этилишича, мазкур масалада мамлакат стратегияларни БМТ Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенциясининг (UNCCD) Ер деградацияси нейтраллиги мақсадларига мувофиқлаштириши ва аҳолининг заиф қатламлари учун барқарор турмуш шароитини таъминлаш мажбуриятини олади.
«Охирги 5 йил давомида биз барқарор ер бошқаруви ва ўрмонларни барпо этиш бўйича ташаббусларга 1 млрд доллардан ортиқ маблағ ажратдик. Ушбу саъй-ҳаракатларга қарамай, бутун дунё бўйлаб молиялаштиришдаги камчиликлар сақланиб қолмоқда. Ушбу амбицияларни кенгайтириш учун мустаҳкам молиялаш механизмлари ва инновацион ҳамкорлик керак. Биз миллий ривожланиш стратегияларига мувофиқ глобал молиявий оқимларни кўпайтиришга ва уларни, айниқса, ер масаласига йўналтиришга чақирамиз», — деди мулоқотга ҳамраислик қилган Азиз Абдуҳакимов.
Унинг сўзларига кўра, деградацияга учраган ерларни тиклаш ва қурғоқчиликка чидамлиликни ошириш катта молиявий ресурслар талаб қилади. Бу кўпинча республика бюджетидан ошиб кетади.
Вазир халқаро молиялаштиришга киришни осонлаштирадиган мустаҳкам механизмлар ва инновацион ҳамкорликлар жамоавий саъй-ҳаракатлар муваффақиятли бўлишида муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Бунинг учун у қуйидагиларни таклиф қилди:
- маблағлардан фойдаланиш, ариза бериш ва тасдиқлаш жараёнларини соддалаштириш;
- грант асосидаги молиялаштиришни, айниқса, узоқ муддатли экологик фойда келтирадиган, лекин молиявий даромадлари чекланган лойиҳалар учун кўпайтириш;
- донорлар талабларига жавоб берадиган банк лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун техник ёрдам кўрсатиш;
- молиялаштиришнинг инновацион механизмлари ва воситалари, жумладан, қўшимча ресурсларни сафарбар қилиш учун яшил облигацияларни кенгайтириш.
Абдуҳакимов Ўзбекистон халқаро молиялаштиришни самарали бошқариш борасидаги салоҳиятини аллақачон намоён этгани ҳақида гапираркан, бунга халқаро молия институти билан ҳамкорлик натижасида Оролбўйи минтақасида ўрмонзорларни барпо этиш бўйича муваффақиятли лойиҳалар амалга оширилиб, деградацияга учраган ерлар инсонлар ва табиат учун фойдали экотизимларга айлантирилгани мисол келтирди.
«Биз илғор суғориш тизимларига сармоя киритдик, қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланишни қисқартирдик ва қурғоқчиликка чидамлиликни оширдик. Аммо халқаро молиялаштиришга осонроқ ва тезроқ кириш орқали биз кўпроқ имкониятга эга бўламиз. Ўзбекистон деградацияга учраган ерларни гуллаб-яшнаётган экотизимлар ва барқарор ҳудудларга айлантириш учун давлат ва хусусий сармоялардан фойдаланган ҳолда намуна кўрсатишга тайёр», — деди у.
Аввалроқ президент сўнгги пайтларда мамлакатда чанг бўронлари тез-тез кузатилаётганини, бунга глобал иқлим ўзгариши билан бирга ноқонуний дарахт кесилиши, сув камайиши, тартибсиз чорва боқилиши оқибатида чўл яйловлари деградацияга учраётгани ҳам сабаб бўлаётганини айтганди.