Ўзбекистонда электр энергиясини исроф қилаётган тадбиркорлар жаримага тортилмоқда.

Бош прокурор ўринбосари Шоҳруҳ Аминов ва президент администрациясининг масъул ходими 30 ноябрь куни энергия ресурсларини беҳуда сарфлаш ва бошқа долзарб масалалар юзасидан ҳудудларда амалга оширилаётган ишларни муҳокама қилди.

Тошкент шаҳар прокурори Эркин Йўлдошев (чапда) ва бош прокурор ўринбосари Шоҳруҳ Аминов (ўнгдан иккинчи). Фото: Бош прокуратура.Тошкент шаҳар прокурори Эркин Йўлдошев (чапда) ва бош прокурор ўринбосари Шоҳруҳ Аминов (ўнгдан иккинчи). Фото: Бош прокуратура.

Йиғилишда, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари, таркибий тармоқ раҳбарлари, Энергетика, Адлия, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Солиқ қўмитаси, Ўзэнергоинспекция, «Ҳудудий электр тармоқлари» ва «Ҳудудгазтаъминот» ҳамда уларнинг ҳудудий, туман (шаҳар) бўлинмалари қатнашди.

Соҳага масъул бўлган вазирлик ва идоралар томонидан энергия ресурсларидан беҳуда фойдаланиш ҳолатларини олдини олиш бўйича ишлар етарлича ташкил қилинмаганлиги, жойларда истеъмолчилар орасида ресурсни иқтисод қилиш борасидаги профилактик тарғибот тадбирлари самарали ўтказилмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан қуйидаги кўрсатмалар берилди:

  • энергоресурсларни беҳуда сарфлашнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида тарқатма материалларни ишлаб чиқиб, жойларда тарқатиш;
  • ҳудудларда энергоресурсларини беҳуда сарфланишини олдини олиш бўйича тарғибот тадбирларини кучайтириш;
  • савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, хусусан йирик савдо марказлари, дўконлар, кафе, ёқилғи қуйиш шохобчаларида ташқи реклама ва иллюминациялардан куннинг ёруғ вақтларида фойдаланилиши ҳолатларига йўл қўймаслик чораларини кўриш;
  • қўлбола усулда тайёрланган иситиш мосламаларидан фойдаланиш ҳолатларини олдини олиш.

Рейдлар

Spot нашрининг хабар беришича, 30 ноябрь куни Тошкент шаҳрининг Миробод туманида президент администрацияси ходимлари ва туман прокурори Бобур Абдуллаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ «энергия ресурсларидан фойдаланишда исрофгарчиликка йўл қўймаслик бўйича ишлар олиб борди».

Текширувлар давомида марказий кўчалар ва савдо объектларида электр ва иссиқлик энергиясини беҳуда сарфлаш ҳолатлари аниқланиб, тадбиркорларга энергия ресурсларидан фойдаланишда исрофгарчиликка йўл қўймаслик юзасидан огоҳлантиришлар берилди.

Фото: Миробод тумани ҳокимлиги ахборот хизматиФото: Миробод тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

«Кундуз куни чироқ ва реклама воситаларида электр энергиясидан асоссиз фойдаланган» юридик шахсларга нисбатан жами 10 та маъмурий баённома тузилиб, 22,2 кВт энергоресурслар тежалишига эришилди.

1 декабрь куни Яккасарой туманида ҳам туман ҳокимлиги, прокуратура ҳамда тегишли идоралар иштирокида махсус ишчи гуруҳ томонидан рейд тадбирлари ўтказилди.

Унда туманнинг марказий кўчаларида кундуз вақтида чироқлар ёки реклама воситалари орқали электр энергиясидан асоссиз фойдаланган айрим юридик истеъмолчилар аниқланди.

Истеъмолчиларга нисбатан маъмурий баённомалар тузилди. Улар билан электр энергиясидан оқилона фойдаланишнинг аҳамияти ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди.

«Ҳурматли Яккасарой тумани аҳолиси ва тадбиркорлари! Сизларни электр энергиясидан тежамли ва оқилона фойдаланишга чақирамиз. Рейд тадбирлари давом этаётганини маълум қилиб, барчани ресурсларни эҳтиёт қилишга масъулият билан ёндашишни сўраб қоламиз», — дейилади хабарда.

Электр таъминотидан узиб қўйиш бўйича таҳдидлар

Дам олиш кунларида «Ўзбекистон 24» телеканалида Бош прокуратура ва Ўзэнергоинспекция бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Чилонзор туманида ўтказилган рейд ҳақида лавҳа эълон қилинди.

Хусусан, Муқимий кўчасида жойлашган савдо мажмуасида текширув ўтказилиб, қонунбузарларга нисбатан баённомалар тузилди.

«Асосий эътибор куннинг ёруғ қисмида электр энегриясини тежаш ишлари кўрилди. Улардан самарасиз фойдаланиш ҳолатлари юзасидан маъмурий баённомалар тузилди. Уларни расмийлаштиришдан бўйин товлаган тадбиркорлар эса электр тармоғидан ажратилди», — дейди Чилонзор тумани прокурори катта ёрдамчиси Жаҳонгир Жабборов.

Юнусобод туманида «Ўзэнергоинспекция» томонидан кўп қаватли уйларнинг йўлаклари ўрганилиб, «қиш мавсумида электр энергиясидан оқилона фойдаланиш бўйича» аҳолига зарур тавсиялар берилди.

Инспекциянинг маълум қилишича, йил бошидан буён электр энергиясидан асоссиз фойдаланиш, масалан, куннинг ёруғ вақтида ёритиш каби 2356 та ҳолат аниқланган. Ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан 442 та ҳолат бўйича маъмурий баённомалар тузилди ва 5 та корхонага нисбатан молиявий санкциялар қўллаш тўғрисида далолатномалар расмийлаштирилди.

Таъкидланишича, амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида умумий қуввати 314,2 кВт бўлган электр энергиясининг норационал истеъмолининг олди олинди.

Сўнгги икки кун ичида Тошкент шаҳрида куннинг ёруғ вақтида асоссиз ёритиш ҳолатларининг 264 таси аниқланди, деб қайд этди ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар.

Август ойида президент «Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги қонунни имзолаганди. Қонунда энергия тежаш соҳасидаги қоидабузарликлар учун жавобгарлик чоралари белгилаб қўйилган.

Электр ёриткичларни меъёридан ортиқ, ишлаб чиқариш заруриятисиз фойдаланиш, куннинг ёруғ даврида мақсадсиз ёритиш учун жарима миқдори электр энергияси нархининг 50 фоизини ташкил этади.