Грузия Конституциявий суди президент Саломе Зурабишвили ва мухолифатчи партиялар вакилларининг парламент сайловларини кўплаб қонунбузарликлар туфайли ўтказилмаган деб топиш ва уларнинг натижаларини бекор қилишни талаб қилган даъволарини рад этди. Қарор суд веб сайтида эълон қилинди.
Қарор тўққизта судьядан еттитаси томонидан қўллаб-қувватланди. У узил-кесил ҳисобланади ва шикоят қилиниши ёки қайта кўриб чиқилиши мумкин эмас, дейилади суд сайтида.
Тўққиз нафар судьядан икки нафари — Гиорги Квечернчхиладзе ва Теймураз Тугуши алоҳида фикр билдириб, умумий қарорга қарши чиқди, дея қайд этади «Руставели 2».
Зурабишвили 18 ноябрь куни Конституциявий судга даъво қилиш режасини маълум қилганди. Шундан сўнг 30 нафар мухолифатчи депутат томонидан даъво аризаси киритилди. «Ҳаммамизга маълумки, мамлакатдаги бирорта ҳам институт энди мустақил эмас. Ва биз бунга кўп марта далиллар олдик, лекин мамлакатда ҳеч бир юридик низо кўриб чиқилмасдан қолмаслиги керак. Даъвомнинг мақсади — қайси мамлакатни хоҳлайман, ким билан бу мамлакатни хоҳлайман ва бу мамлакат қай томон бориши керак, деган масалани танлаш олдида турган судьяларнинг виждонини тўлиқ текширишдир. Уларнинг бунга жавоби ҳам муҳимроқ бўлади», — дея тушунтирган президент Конституциявий судга даъво юбориш ҳақидаги қарорини.
Грузияда парламент сайловлари 26 октябрь куни бўлиб ўтган. Грузия Марказий сайлов комиссияси уларнинг натижаларини тасдиқлади — ҳукмрон «Грузин орзуси» 89 та депутатлик мандатини, тўртта мухолифат партияси жами 61 мандатни қўлга киритди. Мухолифат сайлов натижаларини сохталаштириш деб атади ва депутатлик мандатларидан воз кечди.
Тбилисида мамлакат Европа Иттифоқига аъзо бўлиши бўйича музокараларни тўхтатиш тўғрисидаги ҳукумат қароридан кейин беш кундан бери норозилик намойишлари давом этмоқда. Полиция ва махсус кучлар акцияларни, шу жумладан, махсус воситалар — водомётлар ва кўзни ёшлатувчи газдан фойдаланган ҳолда бостирмоқда. 200 дан ортиқ киши қўлга олингани маълум.