Пойтахтдаги иккита мактабда вирусли гепатит билан касалланиш ҳолатлари қайд этилди, деб хабар қилди Санитария-эпидемиологик осойишталиги ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Тошкент шаҳри бош бошқармаси.

Санэпидқўмнинг Миробод тумани бўлими мутахассислари томонидан №214 ва №65 мактабларда вирусли гепатит касаллиги аниқлангани муносабати билан эпидемиологик текшириш ва санитария назорати ўтказилди.

Текширув давомида ходимлар қуйидагиларни текширди:

  • ўқувчилар ва ишчи ходимларнинг ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтганлик хулосалари;
  • шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш тартиби;
  • мактаб биноси ва синфхоналарда жорий тозалик ишларининг олиб борилиши, жиҳозларнинг созлиги;
  • иситиш тизимлари ёқилиб фойдаланишга топширилгани;
  • ҳожатхоналарда гигиена қоидаларига риоя қилиниши, қўл ювиш мосламалари ва оқова сув тизимининг соз ҳолатдалиги.

вирусли гепатит, мактаблар, санэпидқўмита

Текширув натижасида мактабларнинг санитария ҳолати талабга жавоб бермаслиги маълум бўлди. Аниқланган камчиликлар юзасидан мактаб раҳбариятига нисбатан маъмурий баённома тузилди.

Октябрь охирида Санэпидқўм ходимлари гепатит аниқланган Бектемир туманидаги 345-мактабда, октябр ойи бошида шу тумандаги 290-мактабда, шунингдек, Яшнобод туманидаги 206- ва 215-сонли мактабларда текширув ўтказганди. Сентябрь охирида бундай ҳолатлар Яшнобод туманидаги 149- ва 198-мактабларда, ундан олдин эса 227-мактабда қайд этилган.

Вирусли гепатит бешта асосий турга бўлинади: А, B («сариқ»), C, D ва E. Гепатит А ва E ифлосланган сув ва озиқ-овқат орқали юқади, одатда сурункали босқичга ўтмасдан касалликнингў'ткир шаклларини келтириб чиқаради. B, C ва D гепатитлари қон ва тана суюқликлари орқали тарқалади, C кўпинча сурункали бўлиб, цирроз ва жигар саратонига олиб келади. Гепатит D фақат гепатит B борлигида юзага келади. Гепатит А ва B’га қарши самарали вакциналар, гепатит C’га қарши эса замонавий даволаш усуллари мавжуд.

Ўзбекистонда B ва C гепатитлари кенг тарқалган. Уларга қарши курашиш ССВ фаолиятининг устувор йўналишларидан ҳисобланади. 2016 йилда мамлакатда тахминан 2,5 миллион гепатит B ва 1,3 миллион гепатит C билан яшайдиган одам борлиги аниқланган.

Ўзбекистонда вирусли гепатит тарқалишига қарши кураш чоралари кўрилмоқда. 2021 йилда гепатит C вирусига (ГCВ) қарши кураш бўйича миллий дастур ишга туширилганди. Унинг мақсади — 2030 йилга келиб республикада ГCВ билан касалланиш даражасини нолга тушириш. Миср бу борада Ўзбекистонга инсонпарварлик ёрдами доирасида вирусга қарши дори воситалари етказиб бериш орқали ёрдам бермоқда.