Ўрмон хўжалиги агентлигининг Ўрмонзорларни барпо қилиш ва қайта тиклашни мониторинг қилиш бошқармаси бош мутахассиси Хожимурод Толипов «Газета.uz» мухбирига берган интервьюсида Сурхондарёда эсадиган афғон шамоли оқибатида юзага келадиган қум-чанг бўронларини қандай юмшатиш борасидаги режалар ҳақида гапирди.
Ар-Риёдда ўтаётган COP16 конференцияси доирасида агентлик вакили 10 га яқин мамлакат, хусусан, Туркия, Озарбайжон, Хитой, Россия мамлакатлари вакилларига Сурхондарё вилоятининг Термиз тумани ва унга туташ бўлган ҳудудларда ҳар йили эсадиган Афғон шамоли ва унинг оқибатида рўй берадиган қум-чанг бўронларини олдини олиш бўйича қилиниши керак бўлган режалар борасида тақдимот қилди.
Унинг айтишича, кейинги йилларда ушбу ҳудудда қум-чанг бўронлари кузатилиши кескин кўпайган. Кузатувларга қараганда бир йилда 70 кунгача мана шундай ҳодиса содир бўлади. У бошланиши билан бир-икки соатдан бир неча кунгача давом этиши мумкин.
«Бундай қум-чанг бўронлари ўша ердаги инфраструктурага, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигига ва инсон саломатлигига жуда жиддий таъсир кўрсатади. Унинг оқибатларини олдини олишнинг бирдан бир йўли — ердаги намлик даражасини ошириш керак. Қуруқлик кўплиги туфайли салгина шамол бўлса ҳам қум бўронлари кўтарилади. Шунинг учун ҳам биз кўпроқ яшил ҳудудларни барпо қилишимиз керак», — деди агентлик вакили.
Хожимурод Толипов бунга мисол сифатида Термиз шаҳри яқинида атрофи қумликлардан иборат, ўсимлик деярли ўсмайдиган жойда қурилаётган «Янги Ўзбекистон» мавзесини келтирди. Унинг айтишича, кўп қаватли уйлар атрофидаги 85 гектар майдонда кўчма қумликлар йўлини тўхтатиш учун 4−5 қатор қилиб элдор қарағайи, қайрағоч ва тут кўчатларидан иборат бўлган яшил ҳимоя тўсиғи экилган. Яна тўрт гектар қумли ерда суғориш тизими яратилиб, уни синовдан ўтказилган.
Мутахассис бу ишлар 2023 йилнинг декабрь ойида бошлангани, ҳозирда дарахтларнинг кўкарувчанлиги яхшилиги ва тўлиқ яшил тўплам ҳосил қилганини таъкидлади.
«Бу натижага қандай эришдик? Қумлик ерда уни ўйиб, бошқа жойдан гумус (тупроқнинг органик моддаларга бой қатлами) ва гидроген солдик. Биласиз, қумда кўчат экса, шамол уни учириб кетади. Биз шуларни ҳам эътиборга олиб қалинроқ қилиб экдик. Одатда, бу кўчатлар чўл ҳудудларда 10×2 қилиб экиларди, биз бу ерда 4×1 схемани танладик. Қўшимча равишда қалин қилиб саксовул кўчатларини сочдик. Булар албатта чанг заррачаларининг атмосферага ёйилишини тўхтатади. Биз уларни ёғингарчилик бошланиши арафасида экдик ва шу туфайли 80 фоизлик натижага эришдик», — деди у.
Оролбўйида олиб борилган кузатувларга кўра, икки ёшли кўчат шамол тезлигини 20 фоизга қайтаришга ёрдам беради, у беш ёшга етганда 80 фоизга ва етти ёшида тўлиқ тўхтата олади.
«Қум-чанг бўронларини асосий сабабчиси бу шамол. Шунинг учун ердаги ўсимлик қопламасини кўпайтирсак, шундагина шамол тўхтайди. Бундан ташқари, бу ўсимликлар ҳаво сифатини яхшилашга ҳам хизмат қилади. Афғон шамолининг олдини олиш учун яна Термиз шаҳри, Термиз, Ангор ва Қизириқ туманларида 1450 км масофада Амударё қирғоғи бўйлаб суғориладиган ҳудудида яшил ҳимоя тўсиқлари қилиш зарур», — деди бошқарма бошлиғи.
«Бугун тақдимот қилишдан мақсад ҳам шу ҳудудларни лойиҳаларни амалга ошириш учун молиявий ёрдам ва ҳамкорлик излашдан иборат эди. Республика бюджетидан ҳам маблағ ажратилади, лекин майдон катта, камида 1000 гектарлик бўлиши керак», — деди Хожимурод Толипов.
Ўрмон хўжалиги агентлиги вакили уларга лойиҳанинг ишончлигига исбот сифатида Оролбўйида яратилган яшил қопламаларни мисол келтирган.
«Хабарингиз бор, у ерда 3 миллион гектардан ортиқ майдон қуриганди. Биз у ерга ҳар йили 15−20 минг гектардан экардик, 2019 йилдан бошлаб у ерда 500 минг гектар яшил қоплама пайдо бўлди. Биз мана шундай ишни Сурхондарё вилояти ҳудудида ҳам амалга оширишни мақсад қилиб қўйганмиз ва халқаро ташкилотларнинг эътиборини қаратишни мақсад қилганмиз», — деди у.
Аввалроқ Гидрометеорология хизмати агентлиги Ўзбекистон ҳудудида содир бўлувчи чанг бўронларига сабабчи ташқи ва ички омиллар ҳақида маълумот бераркан, улар орасида Шимолий Афғонистоннинг чўл ҳудудларидан келадиган афғон шамолини ҳам санаганди.
Октябрь ойида президент сўнгги пайтларда мамлакатда чанг бўронлари тез-тез кузатилаётганини алоҳида таъкидлаганди.
Аввалроқ COP16 конференцияси доирасида экология вазири Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистонда беш йилда 2 млн гектардан ортиқ деградацияга учраган ерларни тиклаши кераклиги ҳақида гапирган. Унинг айтишича, бундай лойиҳалар катта молиявий ресурслар талаб қилади. Вазир COP16 доирасида халқаро молиялаштиришни осонлаштириш бўйича таклифларини билдирган.