«Ўзбекистон темир йўллари» ижтимоий тармоқларда 7 декабрдан Хива шаҳригача Afrosiyob тезюрар поездлари қатнови йўлга қўйилиши ҳақида тарқалган хабарларни рад этди.

Afrosiyob поездининг Урганч темир йўл вокзалига етиб келиши акс этган видео, хусусан, маҳаллий Telegram каналларда тарқалди.

«Аммо шуни таъкидлаш керакки, Бухоро — Урганч — Хива темир йўл участкасини электрлаштириш ишларини якунлаш доирасида битта юқори тезликда ҳаракатланувчи „Афросиёб“ поезди синовдан ўтказилди. Ушбу босқич янги маршрутни синовдан ўтказиш ва инфратузилманинг тўлиқ фойдаланишга тайёрлигини текшириш дастурининг бир қисмидир», — деди компания.

Эслатиб ўтамиз, яқинда компания раиси Зуфар Нарзуллаев Ўзбекистон президенти янги йил арафасида «Бухоро — Мискин — Урганч — Хива» (465 км) электрлаштирилган темир йўлини очишни режалаштираётганини маълум қилган эди.

Шу билан бирга, 196 километрлик «Мискин — Нукус» линиясини электрлаштириш бўйича қурилиш ишлари бошланиши керак (лойиҳани 2026 йил охиригача якунлаш режалаштирилган).

Электрлаштириш «Тошкент — Нукус» йўналишида юқори тезликда ҳаракатланишни йўлга қўйиш имконини беради. Бунинг учун Корея Республикасидан олтита «Hyundai Rotem» электропоезди харид қилинмоқда.