Шавкат Мирзиёев 2 декабрь куни «Қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат бошқарувини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Бу ҳақда «Норма» хабар берди.

Ҳужжат Янги Ўзбекистон шароитида аграр соҳада замонавий талабларга жавоб берадиган ихчам, интеграциялашган давлат бошқаруви тизимини йўлга қўйиш, олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини янада ошириш ва тизим фаолиятини трансформация қилиш мақсадида қабул қилинган.

Қарорга кўра:

  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари тузилмаларига — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ва вилоятлар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи лавозими;
  • туман (Қувасой шаҳар) ҳокимликлари тузилмаларига — ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи лавозими киритилади.

Ушбу лавозимга тайинланадиган мансабдорлар учун асосий вазифалар ҳам белгилаб берилган:

  • озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини модернизациялаш, диверсификация қилиш ва барқарор ўсишини қўллаб-қувватлаш учун хусусий инвестиция капитали оқимини кўпайтириш орқали соҳада давлат иштирокини камайтириш ва инвестициявий жозибадорликни ошириш механизмларини жорий қилиш;
  • республика аҳолисининг сувга бўлган муттасил ошиб бораётган эҳтиёжларини қондириш учун шарт-шароитлар яратиш, сув ресурсларини тежаш ва ундан самарали фойдаланишни таъминлаш чораларини кўриш;
  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш ва сотишда бозор тамойилларини кенг жорий этиш, сифат назорати бўйича инфратузилмани ривожлантириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, экспортни кўпайтириш, мақсадли халқаро бозорларда рақобатбардош, юқори сифатли қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришни назарда тутувчи қулай агробизнес муҳити ва қўшилган қиймат занжирини яратиш;
  • қишлоқ жойларини мувозанатли ва барқарор тараққий эттиришга кўмаклашишни назарда тутувчи қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш дастурларини амалга оширишни таъминлаш;
  • қишлоқ хўжалиги соҳасида рақамли (смарт) технологияларни кенг жорий этиш, янги иш ўринлари ва хизматларни ташкил қилиш чорасини кўриш.

Қуйидагилар:

  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг, вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозими;
  • туман (Қувасой шаҳар) ҳокимликлари тузилмасидаги — ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозими;
  • Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тузилмасидаги — Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири ва вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармалари бошлиғи ҳамда туманлар (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлимлари бошлиғи лавозимлари тугатилади.

Бунда вазирликнинг мазкур бандга мувофиқ тугатилаётган штат бирликлари ҳисобига унинг ҳудудий бўлинмаларида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходим лавозими жорий этилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги икки ой муддатда:

  • вазирликнинг озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ваколатларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини;
  • озиқ-овқат тақдимномаларни хавфсизлигини таъминлаш борасидаги бажармаганлик учун жавобгарликни белгилаш юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳамда қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдурахмонов мазкур қарорнинг 2-банди билан белгиланган вазифаларнинг самарали бажарилишини таъминлаш ҳамда юзага келадиган муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриб боради.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.