Россиялик ишбилармон Алишер Усмонов Халқаро қиличбозлик федерацияси (FIE) президенти лавозимидаги фаолиятини ихтиёрий равишда тўхтатди. Буни «Газета.uz»га тадбиркорнинг вакили тасдиқлади.
«Алишер Усмонов ўзининг сўзсиз ғалабасидан сўнг FIE манфаатларидан келиб чиқиб, унга нисбатан жорий этилган юридик жиҳатдан асоссиз санкцияларнинг FIE ва унинг фаолиятига тарқалишига йўл қўймаслик учун зарур чораларни кўришини маълум қилди ва шу муносабат билан FIE ижроия қўмитасини ўз ваколатларини ихтиёрий равишда тўхтатиб тургани ҳақида хабардор қилди. Ҳаммаси қонун ва адолат доирасида ҳал қилиниши керак», — дейди Усмоновнинг вакили.
Усмонов 30 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган ташкилот конгрессида яна FIE раҳбари лавозимига сайланганди. Чоршанба куни у сайланган куннинг эртасигаёқ ўз ваколатларини ихтиёрий равишда тўхтатгани маълум бўлди, деб таъкидлайди нашр.
Украина қиличбозлик федерацияси унинг сайланишига норозилик билдирганди.
Ташкилот раҳбари сайловининг Усмоновнинг ватани Ўзбекистонда ўтказилиши, шунингдек, «FIE раҳбарияти томонидан 100 дан ортиқ миллий федерациялар томонидан Усмоновни қўллаб-қувватлагани ҳақидаги мактубларнинг муддатидан олдин тарқатилиши» «олдиндан ёзилган сценарий»ни кўрсатади, дея таъкидлаганди федерация.
2022 йил февраль ойида Россиянинг Украинага ҳарбий бостириб киришидан сўнг Алишер Усмонов бошқа кўплаб россиялик бизнесменлар ва сиёсатчилар каби Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия, Япония, Канада, Австралия ва бошқа давлатлар санкцияларига учради.
2008 йилда FIE`да президентлик фаолиятини бошлаганидан сўнг Усмонов кетма-кет уч марта раҳбарлик лавозимига қайта сайланган, аммо 2022 йилда Украинадаги вазият туфайли уни тарк этган. Маълум қилинишича, Усмонов «адолат тиклангунга қадар» FIE президенти лавозимидаги фаолиятини тўхтатган. Ўшандан бери FIE президенти вазифасини вақтинча Эммануэль Кациадакис бажариб келаётганди.