Қирғизистон ва Тожикистон ҳукумат комиссиялари қирғиз-тожик давлат чегарасининг қолган участкалари тавсифини тўлиқ якунлади, дейилади Қирғизистон Вазирлар маҳкамасининг расмий веб-сайтидаги хабарда.

Келишувларга 4 декабрь куни Баткен шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда комиссияларга раҳбарлик қилувчи Қирғизистон МХДҚ раиси Камчибек Ташиев ва Тожикистон МХДҚ раиси Саймўмин Ятимов эришди.

Ташиев ва Ятимов ишчи гуруҳларга давлат чегарасини делимитация қилиш бўйича якуний ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнини бошлашни топширди.

«Бутун масъулият билан айта оламанки, бугун тарихий лаҳза ҳисобланади — чегаранинг келишиб олиниши. Энди буёғига юридик расмийлаштириш, парламентлар орқали ратификация қилиш ва ҳурматли президентларимизнинг имзолари қолади. Ўйлайманки, яқин келажакда, деярли бир неча ойдан сўнг, биз чегараларимиз масаласини бутунлай ҳал қиламиз», — дея таъкидлади Қирғизистон МХДҚ раиси.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг умумий узунлиги 972 километрни ташкил этади. Ўнлаб баҳсли ҳудудлар туфайли у ерда вақти-вақти билан қуролли тўқнашувлар бўлиб турарди. Охирги йирик можаро 2022 йил сентябрь ойида содир бўлган эди. Ўшанда иккала томондан ҳам ўнлаб одамлар жароҳат олган ва ҳалок бўлган.