Криминология тадқиқот институтида уй қамоғи эҳтиёт чораси ва озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсларни масофавий назорат қилишга мўлжалланган методика, электрон браслет қурилмаси ва дастурий таъминот ишлаб чиқилди.

Институт бошлиғи полковник, юридик фанлар доктори Бахтиёр Бердиалиевнинг қайд этишича, ҳозирда қурилма тўғрисида интеллектуал мулк объекти ҳужжатини олиш, электрон браслетни ишлаб чиқариш ва тижоратлаштириш бўйича комплекс чоралар амалга оширилмоқда.

Муассаса бошлиғи фуқароларга ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатиш учун ички ишлар органларининг жойлардаги тузилмалари 85 фоизи бевосита аҳолига яқин жойларда хизмат олиб бораётганини қўшимча қилган. У Ўзбекистон дунёдаги энг хавфсиз давлатлардан бири ҳисобланишини қўшимча қилган.

Шунингдек, институтнинг халқаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Айни пайтда Туркия, Германия, Корея, Венгрия каби давлатлардаги шундай тузилмалар билан ҳамкорлик ўрнатилган. Хорижий давлатлар билан ҳамкорликда бир қатор криминологик тадқиқотлар ўтказилган.

7 август куни президент томонидан «Пробация тўғрисида»ги қонун имзоланганди. Унга кўра, Ўзбекистонда озодликни чеклаш тарзидаги жазони ўташ даврида жамоат тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликка тортилган пробация назоратидаги шахсга нисбатан электрон браслет қўлланилади.

Шахсни пробация ҳисобига қўйиш учун суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ажрими ёки қарори, шунингдек амнистия акти ёхуд афв этиш асос бўлади. Қонунга кўра, шахсни пробация ҳисобига қўйиш мазкур шахснинг яшаш жойидаги туман (шаҳар) пробация бўлинмасининг ходими томонидан пробацияга оид ахборот тизимига маълумотларни киритиш орқали амалга оширилади.

Электрон кузатув воситаси (электрон браслет) озодликни чеклаш тарзидаги жазони ўташ тартиби талабларини бажармаётгани тўғрисида расмий равишда огоҳлантирилган ёки озодликни чеклаш тарзидаги жазони ўташ даврида жамоат тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликка тортилган пробация назоратидаги шахсга нисбатан туман (шаҳар) пробация бўлинмаси бошлиғининг қарори асосида қўлланилади.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида электрон браслет ҳақида нималар дейилганди?

Апрель ойида электрон браслет жорий этиш ҳақида Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси эълон қилинганди. Унда браслет қўллаш тўғрисида қуйидаги маълумотлар берилганди.

Унга кўра, электрон браслет уй қамоғи эҳтиёт чораси ёки озодликни чеклаш жазоси қўлланилган шахс оёғининг болдир қисмига тақилади. Уй қамоғи эҳтиёт чораси ёки озодликни чеклаш жазоси қўлланилган шахснинг оёғига электрон браслетни тақиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда (суяк синиши, бошқа жароҳатлар билан тиббий муолажа кўрсатилган ҳолатда) электрон браслетни қўлнинг билак қисмига тақишга рухсат берилади.

Аёл жинсидаги шахсга электрон браслет шу жинсдаги ходим (ички ишлар органи жамоат хавфсизлиги хизмати ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори) томонидан тақилади. Ҳомиладор аёл, ушбу Низомнинг иловасида назарда тутилган касалликка чалинган ёки жисмоний нуқсони бўлган шахсга электрон браслет тақилмайди.

Уй қамоғи эҳтиёт чораси ёки озодликни чеклаш жазоси қўлланилган шахс уй қамоғи эҳтиёт чорасини ёки озодликни чеклаш жазосини ижро этиш жараёнида электрон браслетни оёғидан (ёки қўлидан) ечмайди ва доимий ишчи ҳолатда бўлишини таъминлайди.

Электрон браслетнинг визуал сигнали ишга тушган тақдирда жамоат хавфсизлиги хизмати ходими профилактика инспектори билан биргаликда юзага келаётган вазиятдан келиб чиққан ҳолда уй қамоғи эҳтиёт чораси ёки озодликни чеклаш жазоси қўлланилган шахснинг электрон браслетни ечишга, унга шикаст етказишга ёки қочишга бўлган уринишларини бартараф этиш (тўхтатиш, чек қўйиш, назоратни кучайтириш), уй қамоғи эҳтиёт чораси ёки озодликни чеклаш жазоси қўлланилган шахс қочган тақдирда, уни таъқиб қилиш ва ушлашга қаратилган чораларни кўради.

Электрон браслетнинг визуал сигнали ишга тушиш сабабларига аниқлик киритиш жараёнида уй қамоғи эҳтиёт чораси ёки озодликни чеклаш жазоси қўлланилган шахснинг қочганлиги тасдиқланган тақдирда жамоат хавфсизлиги хизмати ходими зудлик билан ички ишлар органларининг қўшимча куч ва воситаларини жалб қилиб, қочган шахсга тақилган электрон браслетдан узатилаётган GPS сигналига мувофиқ уларни тегишли ҳудудга йўналтиради. Мазкур ҳаракатлар қочган шахснинг ушлангунига қадар давом этади.

Электрон браслетга уй қамоғи эҳтиёт чораси ёки озодликни чеклаш жазоси қўлланилган шахс қасддан шикаст етказган ҳолларда етказилган моддий зарарнинг ўрни ушбу шахс томонидан қопланиши белгиланганди.