Қирғизистон ҳукумати маҳаллий цемент ишлаб чиқарувчилари билан биргаликда ушбу қурилиш материали импортини демпинг қилиш бўйича текширув ўтказмоқда, деб хабар берди иқтисодиёт ва савдо вазири ўринбосари Назарбек Малаев парламентнинг ёқилғи-энергетика мажмуи, ер қаъридан фойдаланиш ва саноат сиёсати қўмитаси йиғилишида, деб ёзмоқда Tazabek.
«Ҳозир цемент масаласи турибди. Цемент ишлаб чиқарувчи компаниялар билан биргаликда демпинг масаласини кўтариш бўйича барча ишлар олиб борилмоқда. У ерда охирги уч йилдаги импорт ҳисобга олинади, ҳозир импорт цемент нархлари бўйича текширув ўтказяпмиз», — деди вазир ўринбосари.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Қирғизистон январь-сентябрь ойларида цемент импортини 2,3 баробарга ошириб, 401 минг тоннага етказган. Асосий етказиб берувчилар Қозоғистон — 14,3 миллион долларлик 269,7 минг тонна, шунингдек, Ўзбекистон — 9,2 миллион долларлик 124 минг тонна.
Ўзбек цементини етказиб бериш 123 баробарга ошди (ўтган йилнинг шу даврида қарийб 1000 тонна цемент экспорт қилинган).
Сентябрь ойи охирида Қирғизистон парламенти депутати маҳаллий маҳсулотлардан арзон бўлган Ўзбекистон цементи импортига тақиқни олиб ташлашга чақирганди. Иқтисодиёт вазири ўринбосари ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар нархлар демпингига йўл қўйганини айтган ва импорт маҳаллий заводларни вайрон қилишини таъкидлаган.
«Газета.uz» аввалроқ Ўзбекистондаги цемент заводлари ҳақида катта материал эълон қилган. Жорий йилдан бошлаб мамлакатда цемент ишлаб чиқарувчилар учун ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ миқдори 2 бараварга пасайтириш ўрнига 4 бараварга камайтирилди. Қарор иқтисодий рағбат деб аталди, аммо бу имтиёзнинг экология ва одамлар соғлиғига таъсири кенг муҳокама қилинмади. Ушбу имтиёз ҳисобига жорий йилда уларнинг ихтиёрида 250 млрд сўм қолди.
1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 37 та цемент заводи ишлаб турган бўлиб, уларнинг лойиҳавий қуввати йилига 32,7 миллион тоннани ташкил этади, гарчи мамлакатда талаб 2 баравар кам — 16,5 миллион тонна. 1,7 миллион тонна талаб импорт ҳисобига қопланди, яъни цемент заводлари ўз қувватларининг 50 фоизидан кам ҳажмда ишламоқда.