Жанубий Кореянинг 6 та мухолифат партияси президент Юн Сок Ёль мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилгани, кейин эса уни бекор қилгани ортидан уни импичмент қилиш бўйича Миллий мажлисга (парламентга) таклиф киритди, деб хабар бермоқда Yonhap ва Reuters.

Парламентда кўпчиликка эга бўлган асосий мухолифатчи «Тобуро» демократик партияси ва бешта кичикроқ партия петиция берди. Ҳужжатни 191 нафар мухолифатчи депутат имзолади, ҳукмрон «Халқ кучи» партияси вакиллари уни қўллаб-қувватламади.

Мухолифатдаги партиялар 5 декабрь куни парламент ялпи мажлисида таклифни тақдим этишни ва кейинги икки куннинг бирида овозга қўйишни режалаштирмоқда.

Мудофаа вазири Ким Ён ХёнМудофаа вазири Ким Ён Хён

Мухолифат, шунингдек, мудофаа вазири Ким Ён Хёнга импичмент эълон қилмоқчи эди, аммо у истеъфога чиқди. У мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этилиши билан боғлиқ барча ҳодисалар учун жавобгарликни ўз зиммасига олишини маълум қилди. Yonhap маълумотларига кўра, айнан Ким Ён Хён президентга мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилишни таклиф этган.

Импичмент жараёни қандай ўтади?

Президент импичменти учун парламент депутатларининг 2/3 қисми овоз бериши керак. «Тобуро» ва демократик альянс парламентда 176 ўринга эга, шунинг учун мухолифатга ҳукмрон партия депутатларидан яна саккиз овоз керак бўлади, дея аниқлик киритди Yonhap.

Агар парламент импичментни маъқулласа, президент Конституциявий суд қарор чиқармагунча ўз вазифасини бажаришдан четлатилади. Бунинг учун олти ойгача вақт ажратилади.

Давлат раҳбари вазифасини бажариш бош вазирга ўтади. Агар президент импичмент натижасида лавозимидан четлатилса ёки истеъфога чиқса, янги сайлов 60 кун ичида ўтказилиши керак.

3 декабрь куни Жанубий Корея президенти мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилганди. У буни мухолифатни ўз ичига олган «Шимолий Кореяга хайрихоҳ кучларни йўқ қилиш» ниятида экани билан изоҳлаган. Мамлакат Миллий мажлиси (парламенти) депутатлари президент қарорига қарши чиқиб, тегишли резолюция қабул қилди.

4 декабрга ўтар кечаси Жанубий Корея вазирлар маҳкамаси мамлакатда ҳарбий ҳолатни бекор қилишни маъқуллади. Жанубий Кореянинг мухолифат партиялари парламентга мамлакат президенти ва мудофаа вазирига импичмент эълон қилиш бўйича таклиф киритди.

Бу воқеалар фонида президент Юн Сок Ёль парламентнинг шу мазмундаги овоз беришидан сўнг мамлакатда аввал эълон қилинган ҳарбий ҳолатни бекор қилишини айтди.

«Газета.uz» бугун тонгда Сеулда вазият тинч экани ҳақида ёзди ва у ердан суратлар эълон қилди. Парламент биноси олдида кечаси бошланган намойиш давом этаётганди. Одамлар президентни истеъфога чиқишга чақирувчи плакатларни ушлаган.