The Korea Herald

Президент Юн Сок Ёль сешанба куни кечқурун фавқулодда ҳолат эълон қилганидан сўнг Жанубий Корея кутилмаган нотинчликка учради, бу мухолифатни зудлик билан импичментга, ҳукмрон партияни эса оғир вазиятда қолган етакчи билан алоқани узишга ундади.

Юн кутилганидан олдинроқ чекинган бўлса-да, олти соатлик тартибсизлик ўз зарарини етказиб улгурди. Демократия рамзи бўлган Миллий мажлисга [парламент — таҳр.], ҳарбийларнинг қўлида қурол билан бостириб кириши, парламент ёрдамчилари эса ўт ўчиргичларни тутиб, уларга қарши курашаётгани акс этган видеолар бутун мамлакатни ларзага солди.

[Юннинг] бу қадами уни янада кўпроқ сиёсий изоляцияга олиб келмоқда: ҳукмрон консерватив «Халқ кучи» партиясидаги унинг тарафдорлари ундан юз ўгирмоқда, асосий мухолифат Демократик партия эса унга қарши импичмент эълон қилиш ташаббуси билан чиқди.

Hankyoreh

Юннинг кечки пайт ҳарбий ҳолат эълон қилиши корейс жамиятида кучли шокка сабаб бўлди.

Ҳарбий диктатурага қарши кураш ва бир вақтнинг ўзида ривожланган давлатлар қаторида бўлиш учун фуқаролик ҳокимияти ёрдамида демократлаштириш ва иқтисодий ўсишга ўтгандан сўнг Корея халқи тўсатдан ва сюрреалистик равишда уруш ҳолати эълон қилинган воқеликка қайтди.

Кўпчилик Юннинг қарорини иррационал ва сиёсий қатлинафс (ўз жонига қасд қилиш) деб ҳисоблайди, баъзилар эса ҳатто президентни «телба» деб атади. Асосий саволлар жавобсиз қолмоқда: нима учун Юн уч соат ҳам давом этмаган ҳарбий ҳолатни эълон қилди? Бу қарорни қабул қилишдан олдин у ким билан маслаҳатлашди? Нима учун у бу гапни пухта тайёргарликсиз айтди?

Ҳарбий ҳолат тўғрисидаги фармонга риоя қилиш учун полиция ҳам, ҳарбийлар ҳам сафарбар қилинди, бу эса Конституция ва қонунни очиқдан-очиқ бузиш эди. [Мудофаа вазири] Ким Ён Хён ва ички ишлар вазири Ли Сан Мин, Юннинг мактаб партасидан бошлаб икки содиқ тарафдори, эҳтимол, ҳарбий ҳолат эълон қилишда иштирок этган ва муқаррар равишда импичмент ҳамда тергов жараёнига дуч келишлари кутилмоқда.

The Chosun Daily

«Президент Юн Сок Ёль томонидан 3 декабрь куни кечқурун эълон қилинган фавқулодда ҳарбий ҳолат атиги икки ярим соатдан сўнг бекор қилинди, чунки Миллий мажлис шошилинч йиғилишни чақирди ва уни бекор қилишни талаб қилувчи резолюция қабул қилди. 45 йил ичида биринчи марта қисқа муддатли ҳарбий ҳолат жорий этилиши фуқароларнинг смартфонларида реал вақт режимида амалга оширилди, видео ва тасвирлар эса ижтимоий тармоқлар ва хабар алмашиш платформаларида тез тарқалди.

Парламент ичида бўлиб ўтган драма қонун чиқарувчилар ва оммавий ахборот воситаларига тегишли YouTube каналларида тўғридан тўғри эфирга узатилди ва жамоатчиликка фильтрланмаган қарашларни таклиф этди. Полиция намойишчиларни парламент ҳудудига киритмасликка ҳаракат қилди, аммо онлайн трансляциялар миллионлаб одамлар хаос саҳналарини реал вақт режимида кўришини кафолатлади.

Joong Ang Daily

«Президент Юн Сок Ёлнинг кутилмаганда ҳарбий ҳолат эълон қилиши кўплаб саволларни келтириб чиқарди: нима учун у шундай қилди ва бундан кейин нима бўлади?

Ҳатто Юннинг «Халқ кучи» партияси аъзолари ҳам бу ҳақда хабардор қилинмагани… президентнинг демократик меъёрлар ва институтларга риоя қилишни истамаслигининг хавотирли белгисидир.

Бор-йўғи олти соат давом этган фавқулодда ҳарбий ҳолатнинг тезда бекор қилиниши ҳам Юн таваккал қилишга тайёр эмаслигини кўрсатади.