«Театрларнинг жамият маданий ҳаётидаги аҳамиятини ошириш ва улар фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди, деб хабар берди Адлия вазирлиги.

Қарорга кўра, драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги мукофот ҳамда ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофот таъсис этилади.

Бунда мукофотлар бўйича танловлар ҳар икки йилда ўтказилиб, уларнинг ғолиблари МҲТЭКМнинг 50 баробари (57 750 000 сўм) миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.

Режиссёр — драматург — композитор — рассом тамойили асосида ижодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган 2025 йилдан ҳар йили август ойида «Нигоҳ» ижодий лойиҳаси амалга оширилади.

Миллий академик мусиқа санъатини ривожлантириш ва оммалаштириш мақсадида ҳар 2 йилда миллий композиторлар танлови ўтказиб борилади. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри ҳузурида Театр режиссёрлари академияси ташкил этилади.

Жаҳон драматургияси намуналаридан таржима қилинган асарлар бўйича ҳар йили «Энг яхши таржима саҳна асарлари» танлови жорий этилади. 2025 йилдан:

  • ҳар 2 йилда тарихий ва замонавий мавзулар бўйича «Энг яхши пьесалар» танлови ташкил этилади;
  • Ўзбекистон театр жамоаларининг миллий рейтинги тузилади.

Қарорга кўра, шунингдек, аҳоли, айниқса, ёшларнинг театрларга доимий ташрифларини назарда тутувчи «Театр — ибратхонадир» дастури амалга оширилади.

Бунда «Маҳалла еттилиги» аъзолари билан биргаликда ҳар ойда маҳаллаларда «Театр куни» тадбирлари ўтказиш йўлга қўйилади. «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқаролар ва ногиронлиги бўлган шахслар давлат театрларининг спектаклларига бепул киритилади.

Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрига «Академик» мақоми берилади. 2026 йил якунигача Ўзбекистон давлат ёшлар театри фаолияти замонавий намунали театр сифатида ташкил этилади.

2025 йил 1 январдан 2026 йил 31 декабргача ҳуқуқий эксперимент тариқасида Ўзбекистон давлат ёшлар театри ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрига молиявий, ижодий ва ташкилий масалаларни мустақил ҳал қилиш ваколати берилади.