Вазирлар Маҳкамаси 27 ноябрь куни «Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда давлат ташкилотларининг алоқа марказлари фаолиятини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни қабул қилинди.

Ҳужжат билан Республика ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, шунингдек, давлат ташкилотлари алоқа марказларининг техник фаолиятини назорат қилиш ва баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Унда қуйидаги тартиблар назарда тутилган:

«Ўзкомназорат» инспекцияси томонидан «Рақамли назорат» комплекс ахборот тизими орқали алоқа марказларининг техник фаолиятини назорат қилиш ва баҳолаш;

республика ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ҳамда давлат ташкилотлари алоқа марказлари реестрини юритиш.

Низомга кўра, алоқа маркази — жисмоний ва юридик шахсларнинг телефон мурожаатларини қабул қилиш ва уларга муносабат билдириш бўйича хизматлар кўрсатувчи ва бунинг учун зарур ташкилий, техник ва бошқа ресурсларга (ишонч телефонлари, call-марказлар, диспетчерлик марказлари) эга бўлган ташкилот ёки бўлинмадир.

Алоқа марказлари қуйидагича баҳоланади:

  • 71 баллдан 100 баллгача — «аъло» баҳо («яшил» тоифа);
  • 55 баллдан 70 баллгача — «яхши» баҳо («сариқ» тоифа);
  • 54 баллгача — «қониқарсиз» баҳо (қизил тоифа).

Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда давлат ташкилотлари алоқа марказларининг техник фаолиятини баҳолаш натижаларига кўра қуйидагилар амалга оширилади:

«яшил» тоифадаги алоқа марказлари бўйича:

  • «Ўзкомназорат» инспекцияси томонидан алоқа марказларининг техник фаолиятини янада яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади (баҳолаш натижаси максимал бўлган алоқа марказлари бундан мустасно);
  • республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда давлат ташкилотлари «Ўзкомназорат» инспекцияси томонидан тақдим этилган тавсияларга мувофиқ алоқа марказларининг техник фаолиятини янада яхшилаш чоралари кўрилади;

«сариқ» тоифадаги алоқа марказлари бўйича:

  • «Ўзкомназорат» инспекцияси томонидан алоқа марказларининг техник фаолиятини яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади;
  • республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда давлат ташкилотлари томонидан «Ўзкомназорат» инспекцияси тавсиялари асосида «Ўзкомназорат» инспекцияси билан биргаликда алоқа марказларининг техник фаолиятини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади ва амалга оширилиши таъминланади;

«қизил» тоифадаги алоқа марказлари бўйича:

  • «Ўзкомназорат» инспекцияси томонидан алоқа марказлари фаолиятида йўл қўйилаётган камчиликларни ўрганиш ишлари ўтказилади ва уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади;
  • республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда давлат ташкилотлари томонидан «Ўзкомназорат» инспекцияси тавсиялари асосида инспекция билан биргаликда алоқа марказлари техник фаолиятини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади ва амалга оширилиши таъминланади;
  • республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда давлат ташкилотлари алоқа марказларининг техник фаолиятини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастурининг ижроси улар томонидан таъминланмаган тақдирда, «Ўзкомназорат» инспекцияси республика ва маҳаллий ижро этувчи Ҳокимият органлари ҳамда давлат ташкилотларига уларни бартараф этиш муддатлари белгиланган ҳолда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ кўрсатма беради;
  • «Ўзкомназорат» инспекцияси томонидан аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида берилган кўрсатма республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда давлат ташкилотлари томонидан ижроси таъминланмаган тақдирда, «Ўзкомназорат» инспекцияси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бажарилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритади;
  • «Ўзкомназорат» инспекциясининг кўрсатмалари ҳамда бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномаларини бажармаслик, шу жумладан, ўз вақтида ёки тўлиқ ёхуд белгиланган муддатларда бажармаган республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда давлат ташкилотларининг мансабдор шахсларга нисбатан «Ўзкомназорат» инспекцияси томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилади.

Инспекция 2024 йил 10 декабрга қадар республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда давлат ташкилотларининг алоқа марказлари реестрини шакллантирсин ҳамда унинг мунтазам равишда юритилишини таъминлаб боради.

2025 йилдан бошлаб ҳар йили икки маротаба (15 февралга ва 15 августга қадар) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда давлат ташкилотларининг алоқа марказларини хатловдан ўтказиш чораларини кўриб борилади.

Рақамли технологиялар вазирлиги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда манфаатдор вазирлик Ва идоралар билан биргаликда 2025 йил 1 мартга қадар республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда давлат ташкилотларининг алоқа марказлари фаолиятини халқаро стандартларга мувофиқ янада самарали ташкил қилиш мақсадида алоқа марказлари фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги тегишли норматив ҳужжатни ишлаб чиқиб, тасдиқлайди.