2024 йилнинг июнь ойида Навоий вилоятининг Хатирчи туманида 1955 йилда туғилган эркак ўзининг руҳий касал қизи ва шаръий никоҳида бўлган хотини томонидан қасддан ўлдирилган. «Ovoza» теледастурида мазкур ҳолат бўйича ўтказилган суд ҳукми ҳақида хабар берилди.
Келтирилишча, аёл эрининг қизи билан режа тузиб, дорихонадан «Энам» дорисини олиб келган ва қатиқ ичига солиб, эрига ичирган. У қиз билан бирга эркакнинг ҳушсизлигидан фойдаланиб, уни ёғоч бўлаги орқали бош қисмига урган. Эркак олган жароҳати туфайли воқеа жойида вафот этган. Аёл ва қиз жасадни яшириш учун уни ҳовлидаги оғилхонага кўмиб қўйган.
Жиноят ишлари бўйича Хатирчи туман суди биносида аёлга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Аёл суд залидаги нутқида марҳум эри қизи ва унга мунтазам руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтқизгани, у қотилликни мазкур зулмлардан безиб кетгани учун содир қилганини айтган.
Суд ҳукмига кўра, аёл Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган деб топилди. Аёл 12 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Сурхондарёда танишини уриб ўлдиргач, уни ерга кўмиб қўйган шахс 19,5 йилга қамагани хабар берилганди.