Навоий вилоятининг Хатирчи туманида 200 млн сўм имтиёзли кредитни талон-торож қилган ҳоким ёрдамчиси аниқланди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Маълум бўлишича, тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг муқаддам судланган ҳоким ёрдамчиси совун маҳсулоти ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари билан келишиб, мазкур корхона ва тумандаги хусусий ўқув маркази номига 200 млн сўм имтиёзли кредит ажратилишига эришган.

Лекин улар пул маблағларини ўзига тегишли хусусий корхона ҳисоб рақамига ўтказиш орқали талон-торож қилишган. Ҳозирда ҳоким ёрдамчисига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввал ҳам Навоий шаҳрида рўйхатдан ўтган компания раҳбари маҳаллалардан бирида Хатирчи туманидаги ҳоким ёрдамчисининг тақдимномасига асосан бир фуқарога банкдан 100 млн сўм имтиёзли кредит ажратиб беришни ваъда қилиб, 20 млн сўм олаётган вақтида қўлга олинган. Муқаддам судланган ҳоким ёрдамчиси ўз «хизмати» учун 10 млн сўм ҳамда Хатирчи туманидаги банк мутахассиси тегишли ҳужжатларни тайёрлаб, кредит маблағи ажратиб бериш эвазига 2 млн сўм олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа туманида ҳоким ёрдамчиси 33 кишига 1 млрд 88 млн сўм имтиёзли кредит ажратишга эришиб, уларни ўзлаштиргани айтилганди. Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида ҳам ҳоким ёрдамчиси 26 кишига чиқарилган 821 млн сўм кредитни талон-торож қилди. Қашқадарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса Шаҳрисабз шаҳридаги ҳоким ёрдамчиси компаниялар раҳбарлари билан бирга фуқаролар номига 1 млрд 173 млн 600 минг сўм кредит расмийлаштириб, уларни ўзлаштирди.