Арманистон ўзини Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)дан ташқарида деб ҳисоблайди, мамлакатнинг ташкилотга қайтиши мумкин эмас, деди Арманистон бош вазири Никол Пашинян 4 декабрь куни парламентдаги нутқида, деб хабар берди Armenpress.
«[Ноябрь ойида Қозоғистонда бўлиб ўтган КХШТ саммитида қабул қилинган] ҳужжатларга келсак, биз КХШТ ишидаги иштирокимизни музлатиб қўйганимизни билдирдик, яъни биз ҳужжатларни ишлаб чиқишда ҳам, муҳокамаларда ҳам иштирок этмаймиз, ҳеч қандай таклиф киритмаймиз, вето ҳам қўймаймиз. Аслида, биз аллақачон ўзимизни КХШТдан ташқарида деб ҳисоблаймиз. Улар нимани хоҳлашса, шуни қилишсин. Биз уларнинг ишларига аралашмаймиз ва бу ерда бизнинг де-юре вето ҳуқуқига эга эканимизни даъво қилмаймиз. Буларнинг ҳаммаси ҳамкасбларимизга ҳурматни [сақлаган ҳолда айтилмоқда]», — деди Арманистон бош вазири.
Пашиняннинг сўзларига кўра, Арманистон ва Россиянинг КХШТдаги вазиятни қандай қабул қилишидаги фарқ Арманистоннинг ташкилотга қайтишини «тобора қийинлаштиради, ҳатто имконсиз ҳам қилади». «Ўйлайманки, биз бу масалада ортга қайтмас нуқтани босиб ўтдик», — деди у.
Шунингдек, Пашинян ЕОИИ саммитини республикада ўтказишни мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблашини айтди, деб ёзади Интерфакс. Аввалроқ Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков журналистларга Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг йиғилиши ЕОИИга раислик қилаётган Арманистоннинг илтимосига биноан Россия ҳудудида — Санкт-Петербургда — 25 декабрь куни ўтказилишини маълум қилганди.
Россия президенти Владимир Путин ноябрь ойида бўлиб ўтган КХШТ саммити якунида Арманистон ташкилотда тўлиқ форматда ишлашга қайтиши мумкинлигини айтган, чунки мамлакат ундан чиқмаган, балки «пауза олган».
Никол Пашинян февраль ойида Арманистон КХШТдаги иштирокини «музлатиб қўйганини» ва май ойида мамлакат ташкилотни молиялаштиришни тўхтатганини айтганди. Пашинян КХШТга аъзо икки давлат 2020 йилда Тоғли Қорабоғда Озарбайжон билан урушга тайёргарлик кўришда иштирок этганини айтди. Пашинян бу мамлакатларни тилга олмади, лекин Александр Лукашенкони «урушга тайёргарлик кўришда иштирок этган, Озарбайжонни рағбатлантирган, унга ишонган ва ғалаба тилаган»ликда очиқчасига айблади.
Пашинян 4 декабрь куни парламентда сўзлаган нутқида 2021 ва 2022 йилларда «Арманистонга қарши ҳудудий даъволар бўлганида» иттифоқчилар Арманистонга ёрдамга келмаганини таъкидлади. Унинг айтишича, Арманистон ёрдам сўраб иттифоқчиларга мурожаат қилган, улар эса Арманистон чегаралари «қизил чизиқ» бўлгани учун ҳудудий даъволар мумкин эмаслигини айтган. «Биз иттифоқчиларимизга уларнинг кўрсатилган „қизил чизиғи“ кесиб ўтилганини айтдик, улар эса чегаралар делимитация қилинмаган кўринади, деб жавоб беришди», — дея қўшимча қилди Пашинян.
Маълумот ўрнида, аввал иттифоқчи сифатида кўрилган Россия ва Арманистон муносабатлари 2023 йилда сезиларли даражада совуқлашди. Арманистон КХШТнинг бир нечта тадбирларида, жумладан, икки машғулоти ва ноябрь ойида Минскда бўлиб ўтган ташкилот саммитида иштирок этмади.
Москва томони Арманистонни Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берган Халқаро жиноий суднинг Рим статутини ратификация қилгани ва АҚШ билан ҳарбий машғулотлар ўтказгани учун танқид қилди. Ереван томони эса Россия Арманистонга Тоғли Қорабоғ можаросида етарлича ёрдам бермаганини таъкидлади.
Арманистон Халқаро жиноий суднинг Рим статутини ратификация қилганидан кейин Россия Давлат думаси Арманистон ҳайдовчилик гувоҳномаларини мамлакат ҳудудида тан олиниши номаълум муддатга қолдирганди.