Иқлим ўзгаришларининг салбий таъсири ва анъанавий энергия манбалари тақчиллиги яққол сезилаётган ҳозирги шароитда тинч атом ҳаёт сифатини ошириш ва миллий тараққиёт стратегияларини амалга оширишда муҳим муқобил ечим ҳисобланади.
Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандда бўлиб ўтаётган ««Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг барқарор ривожланиши учун атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш истиқболлари: халқаро ва миллий тажриба» халқаро конференцияси иштирокчиларига йўллаган мурожаатида таъкидлади.
Давлат раҳбарининг мурожаатини унинг матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди. Форумда Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) бош директори Рафаэль Гросси ҳам иштирок этди.
Президент ўтган йили Дубай шаҳрида ўтказилган COP28 Иқлим саммитида кўплаб мамлакатлар етакчиларининг атроф-муҳитга углеводород энергетикаси манбалари салбий таъсирини кескин камайтириш мақсадида 2050 йилга қадар атом электр энергетикаси қувватларини уч баробарга ошириш бўйича эришган муҳим келишувлари бежиз эмаслигини таъкидлади.
«Мамлакатни ишончли, хавфсиз, иқтисодий самарадор ва экологик тоза энергия манбалари билан таъминлаш — Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда устувор йўналишлардан бири сифатида етакчи ўрин эгаллаб келмоқда», — деди президент.
Соҳанинг ҳуқуқий-институционал асосини мустаҳкамлаш учун Миллий агентлик ташкил этилди, Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш ҳақидаги қонун, Атом энергиясини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли концепция, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган стратегия қабул қилинди. Соҳа учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш тизими жорий этилди.
«Юртимиз жаҳонда биринчилардан бўлиб, халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ, кичик қувватли атом электр станцияларини барпо этишга киришди. Биз ушбу лойиҳаларни, бундан ташқари, соғлиқни сақлаш ва қатор илмий дастурларни муваффақиятли амалга оширишда МАГАТЭни ўзимиз учун муҳим шерик деб биламиз», дея таъкидлади давлат раҳбари.
Ҳеч шубҳасиз, атом энергияси бўйича илғор технологияларнинг жорий этилиши мамлакатимиз тараққиётига кучли туртки беради ҳамда янги илмий-технологик ишланмалар ва инновацион иқтисодиётга ўтиш учун имкон яратади, дея қўшимча қилди у.
Келтирилишича, конференция кун тартибига соҳадаги фаолиятни МАГАТЭ билан мувофиқлаштирган ҳолда АЭСлар барпо этиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ядро технологияларини ривожлантиришнинг экологик жиҳатлари каби ўта долзарб масалалар киритилган. Шунингдек, инновациялар, ядровий тиббиёт, соҳада таълимни ривожлантириш ва малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
«Ўзбекистон барча хорижий ҳамкорлар билан ушбу устувор йўналишда яқин ҳамкорлик қилишга доим тайёр», — дея табрик йўллади президент.