Шавкат Мирзиёев 5 декабрь куни автомобиль саноатида 2025 йилга белгиланган устувор вазифаларга оид тақдимот билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Шавкат Мирзиёев автомобиль саноатидаги масалаларни ўтган ойда муҳокама қилиб, мутасаддиларга режаларни танқидий кўриб чиқиш топширганди. Бу галги тақдимотда такомиллаштирилган чора-тадбирлар баён қилинди.
Келтирилишича, ҳозир йилига 400 мингдан зиёд автомобиль сотилаётган бўлса, аҳоли жон бошига даромад ошаётгани боис бу тенденция кейинги йилларда ҳам сақланиб қолади. Бундан фойдаланиб, талабга яраша маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Қолаверса, Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши кутилаётган даврда бозорда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун рақобат кучайиши ҳисобига сифат устида ишлаш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Хусусан, 2025 йилда BYD автомобилларининг 60 та деталини маҳаллийлаштириш ҳисобига электромобиль таннархини пасайтириш мумкин. Шу боис Маҳаллийлаштиришга кўмаклашиш маркази имкониятларини ишга солиб, ҳудудий корхоналар билан кооперация ҳажмини 2 карра ошириш вазифаси қўйилди.
«Яна бир муҳим масала — экспорт. Сўнгги йилларда қўшни давлатларда ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани натижасида 40 мингдан ортиқ автокомплект сотилган. Келгуси йил экспортни 700 миллион доллардан ошириш мақсад қилинган. Шу билан бирга, Самарқанддаги автобус ва юк транспорти корхоналарини ҳам ташқи бозорларга олиб чиқиш керак», дея таъкидлади президент.
Давлат раҳбари тармоқда замон талабларига мослашиб, ишлаб чиқаришни барқарор қилиш, маркетинг ва сифат бўйича ҳар куни изланиш зарурлигини айтди.
Тақдимотда Марказий банк раисининг ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев ва бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев иштирок этди.
Аввалроқ, KPMG Uzbekistan компанияси автобозор таҳлили ва автомобиль нархини белгиловчи омилларни тақдим этганди. Тадқиқотда божлар «иномарка»лар нархининг 70% ва ундан кўпроғини ташкил этаётган бўлиши мумкинлиги таъкидланган. Бозор ривожланишидаги тўсиқлар мураккаб сертификатлаш талаблари ва ёнилғи билан боғлиқ муаммоларни ҳам ўз ичига олади.
Марказий банк ўз шарҳида январь-июнь ойларида Ўзбекистонда автомобиллар нархларининг ўсиш суръати пасайганини ва сотувлар камайганини таъкидлади. Бу автокредитлар ставкаларининг ўсиши, шунингдек, бундай кредитлар берилишининг 2,1 баравар камайиши фонида юз берди. Бозорда фаолликнинг пасайиши, шунингдек, автоуловни рўйхатдан ўтказиш учун тўловларнинг ошиши билан боғлиқ.