Binance биржасида биткоин курси 5 декабрга ўтар кечаси 100 минг доллардан ошди.
Ундаги маълумотларга кўра, кейинчалик криптовалюта ўсишда давом этди ва эрталаб 104 минг доллардан ҳам ошиб кетди. Айни вақтда унинг баҳоси 102 минг атрофида бўлиб турибди.
BlackRock инвестиция компанияси криптовалюталарга ҳимоя активи сифатида қизиқиш ортганини қайд этди.
Бир қатор бошқа криптовалюталар нархи ҳам юқорилади. Масалан, Ethereum бир кунда 4,8 фоизга ошди ва баҳордан бери биринчи марта 3850 долларга етди. Dogecoin ҳар бир токен учун 45 центга кўтарилди — бу бир кун олдингига нисбатан деярли 10 фоизга қиммат.
Шу билан бирга, Solana криптовалютаси 1,4 фоизга арзонлашди ва ҳозирда 235 доллардан сотилмоқда. Toncoin 6,84 доллардан сотилмоқда, у 4 фоизга пасайган, XRP эса деярли 11 фоизга тушиб кетди.
Эслатиб ўтамиз, Дональд Трамп АҚШ президенти этиб сайлангач, биткоин курси кўтарила бошлаган. 5 ноябрь куни Трампнинг сайловдаги ғалабаси маълум бўлгач, биткоин нархи 50 фоиздан ошган. Трамп ўзининг сайлов кампанияси давомида АҚШни «сайёранинг крипто пойтахтига» айлантиришга ваъда берганди.
10 ноябрь куни эса биткоин курси тарихда илк бор 80 минг доллардан юқорилаган.