Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 3 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисда 2024 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонунга давлат харажатларини кўпайтиришни назарда тутувчи тузатишларни бирданига уч ўқишда маъқуллади. «Газета.uz» жараённи кузатди. Ҳужжат Сенатга юборилди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги анъанавий равишда йил давомида харажатларни кўпайтиришга рухсат сўраб парламентга мурожаат қилмади, у ёки бу харажатларнинг зарурлиги тўғрисида депутатларга ҳисобот бермади, йил охирига келиб тузатишлар киритиш бўйича қонун лойиҳасини киритган. Мисол учун: Қозоғистонда ҳукумат 10 марта бюджетни ўзгартирди ва ҳар сафар тузатишлар парламент орқали ўтди, депутатлар эса режалаштирилган харажатлар ҳақида тушунтириш олди.

Тузатишларни кўриб чиқиш Қонунчилик палатасида 9 дақиқа давом этди (Бу жараён 2023 йилда тахминан 20 дақиқа, 2022 йилда 30 дақиқа давом этган). Шу билан бирга, иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаровнинг нутқи 5 дақиқа давом этди.

Сўнгра янги чақириқ депутатлари ҳужжатни саволларсиз ва муҳокамаларсиз бирданига уч ўқишда қабул қилдилар. Ўтган йилларда баъзи парламент аъзолари саволлар беришган.

Уч ўқишда овоз бериш натижалари.

Бирорта ҳам депутат қарши овоз бермади. Ҳукумат ҳам, депутатлар ҳам давлат харажатларини ошириш зарурлигини очиқчасига асослаб беришмади. Спикер Нуриддин Исмоиловнинг маълум қилишича, қонун лойиҳалари қўмита ва фракцияларда муҳокама қилинган, бироқ ушбу мажлислар жамоатчилик учун эфирга узатилмаяпти (Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисларидаги айрим трансляциялар ҳатто ўчириб ташланмоқда), журналистлар эса сўровларга қарамай, уларга таклиф этилмаяпти.

Ўзгаришларга кўра, вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва бошқа давлат органларининг харажатлари қўшимча равишда 9,98 трлн сўмга (ёки 775,8 млн АҚШ доллари) — 255,4 трлн сўмдан 265,4 трлн сўмга оширилади.

Бюджет ташкилотларининг айрим хизмат турлари бўйича иш ҳақи, пенсия ва нафақалар ҳамда тарифларни ошириш билан боғлиқ харажатларга қўшимча равишда 2,43 трлн сўм (жами 11,98 трлн сўм) ажратилди.

Аҳадбек Ҳайдаровнинг таъкидлашича, давлат харажатларининг ошишига қуйидагилар сабаб бўлган:

  • Таълим кредитларини молиялаштириш жамғармасига 841 млрд сўм трансфертлар;
  • Ижтимоий ҳимоя ягона реЭстрига киритилган аллергик ва иккиламчи иммунитет танқислиги касалликларини даволаш учун ингалятсион препаратларни бепул тақсимлаш — 30 млрд сўм;
  • маданият ва санъатни ривожлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, Маданият вазирлигининг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмаларини моддий рағбатлантириш учун — 100 млрд сўм;
  • иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга бир марталик ёрдам тўловлари ва электр энергияси ва газ нархларининг базавий меъёридан ошганлиги ўртасидаги фарқнинг ўрнини қоплаш — 592 млрд сўм;
  • маҳаллалардаги энг долзарб инфратузилма масалаларини ҳал этиш — 1,344 млрд сўм.

Унинг сўзларига кўра, йил якунига қадар бюджет ташкилотларида бўш лавозимлар ва самарасиз ёки бир-бирини такрорловчи штат бирликларини қисқартириш ҳисобига 1 трлн сўм миқдоридаги харажатларни оптималлаштириш режалаштирилган. Октябрь ойи охирида президент вазирлик ва идораларнинг бошқарув ва ишлаб чиқариш ходимлари штатини 5,2 фоизга қисқартирганди.

Кам таъминланган оилаларни белгиловчи мезонларни қайта кўриб чиқиш, болалар нафақалари ва моддий ёрдамни ижтимоий адолат тамойиллари асосида қайта тақсимлаш ҳисобига 2 трлн сўм иқтисод қилиниши кутилмоқда.

Шунингдек, жорий йилда вазирлик ва идораларга ривожлантириш учун ажратилган маблағлардан 1,7 трлн сўм иқтисод қилиш режалаштирилган.

Мақсадли давлат жамғармаларининг йил бошидаги қолдиқ маблағлари ва даромадлар прогнозини ошириш ҳисобига республика бюджетидан айрим жамғармаларга 260 млрд сўмга яқин трансфертларни оптималлаштириш мўлжалланмоқда.

Тежалган 4,1 трлн сўм маблағни юқоридаги йўналишлар бўйича қўшимча харажатларга қайта тақсимлаш режалаштирилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 14 мартдаги қарорига мувофиқ (очиқ фойдаланиш учун мавжуд эмас) ижтимоий ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида болалар боғчалари ва мактабларни қуриш ва таъмирлаш учун маҳаллий бюджетларда назарда тутилган 4,373 млрд сўм маблағлар республика бюджетига ўтказилди.

Бундан ташқари, мақсадли давлат жамғармалари ва Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (ТТЖ, мамлакатнинг суверен жамғармаси) кўрсаткичларига аниқлик киритилмоқда.

Мақсадли давлат жамғармалари маблағларининг йил бошидаги қолдиғи 12,84 трлн сўмни (амалдаги қонун бўйича 11,5 трлн сўм бўлиши кутилган эди), даромадлар 64,77 трлн сўмни (65,25 трлн сўм), давлат бюджетидан трансфертлар 34,06 трлн сўмни (32,19 трлн сўм), харажатлар 96,69 трлн сўмни (96,1 трлн сўм) ташкил этмоқда.

Вазирликлар харажатлари

«Газета.uz»нинг аниқлашича, йил бошида Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси баланси профицит (даромадлар харажатлардан юқори) билан режалаштирилган бўлса, йил охирига келиб 363,67 млрд сўмлик салбий сальдо кутилмоқда.

Хусусан, жамғарма даромадлари (олтин ва бошқа хомашё материалларининг юқори нархлари ҳисобига, сотувдан тушган маблағларнинг бир қисми ТТЖга ўтказилади) 18,87 трлн сўмдан 20,82 трлн сўмгача (+10,3 фоиз), харажатлари эса 18,85 трлн сўмдан 21,18 трлн сўмгача (+12,4 фоиз) ошади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бюджети 3,28 трлн сўмга кўпайиб, 49,9 трлн сўмга етди. Шу билан бирга, жорий харажатларни молиялаштириш (ўқитувчиларнинг иш ҳақларини ҳам ўз ичига олади) 614,8 млрд сўмга — 45,28 трлн сўмгача, ривожланиш дастурларига — 5,2 трлн сўмгача (-250 млрд сўм), мактаб дарсликларини янгилашга — 1,31 трлн сўмгача (-200 млрд сўм) камайди.

Таълим соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси маблағларини шакллантиришга ҳам камроқ маблағлар — 235 млрд сўм (-15 млрд), Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармаси маблағлари — 65 млрд сўм (-35 млрд) ажратилмоқда.

Ўсиш объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмалар харажатларининг 3,95 трлн сўмга — 4,7 трлн сўмга ошиши ҳисобига юз берди.

Юқорида таъкидланганидек, боғча ва мактабларни қуриш ва таъмирлаш учун маҳаллий бюджетларда назарда тутилган 4,373 млрд сўм республика бюджетига ўтказилди. Шундай қилиб, мактаблар ва боғчаларни таъмирлаш ва қуриш учун ажратилган қарийб 423 миллиард сўм бошқа мақсадларга йўналтирилди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги дастлаб режалаштирилганидан — 6,1 трлн сўм ўрнига 5,7 трлн сўмга 417,9 млрд сўмга кам маблағ олади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги жорий харажатларни (-366,4 млрд) ва ривожланиш дастурлари харажатларини (-133 млрд) қисқартирмоқда, шунингдек, олий таълим муассасалари магистратурасида таҳсил олаётган барча аёлларнинг шартнома тўловларини қайтариб бермаслик шарти билан молиялаштириш харажатларини 120 млрд сўмга (-80 млрд) туширмоқда.

Давлат-хусусий шериклик асосида қурилган талабалар ётоқхоналарида яшовчилар учун давлат шеригига ажратиладиган субсидиялар 100 млрд сўмдан 50 млрд сўмгача (-50 млрд) камайтирилади. Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ўтказиладиган маблағлар ҳам 800 млрд сўмдан 715 млрд сўмгача (-85 млрд) қисқартирилади.

Фақатгина объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмалар 291,6 млрд сўмгача (+33,4 млрд) кўпайди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг бюджети анъанавий равишда оширилмоқда — 97,83 трлн сўм (+5,7 трлн). Банкларда устав капиталини оширишга 2,51 трлн сўм йўналтирилмоқда. Аввалроқ ҳукумат давлат бошқарувидаги Mikrokreditbank акцияларини бозор нархидан 12 фоиз юқори нархда сотиб олиб, 2 трлн сўм сарфлаган эди (яъни 250 млрд сўм кўпроқ тўланган — бу пулга 10 га яқин мактаб қуриш мумкин). Ушбу маблағнинг 790 млрд сўми Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан, 1,23 трлн сўми эса активлари бюджет билан чамбарчас боғлиқ бўлган Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси орқали ажратилган.

Бюджет ташкилотлари ходимларига ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари тўлаш билан боғлиқ харажатлар 1 трлн сўмдан 850 млрд сўмгача қисқаради.

«Драйвер лойиҳалар»ни амалга ошириш учун айрим туманларда инфратузилмани ривожлантириш учун 500 млрд сўм ажратилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бюджети 4,7 трлн сўмгача 113,3 млрд сўм кўпайди, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бюджети 1,86 трлн сўмга (+148 млрд), Энергетика вазирлиги бюджети 315,49 млрд сўмга (+72,9 млрд), Транспорт вазирлиги бюджети эса 6,46 млрд сўмга (+277,5 млрд) ошди.

Маданият вазирлиги бюджети 1,04 трлн сўмгача (-60,2 млрд сўм), Спорт вазирлиги бюджети 1,5 трлн сўмгача (харажатларни қисқартириш ва баъзиларини келгуси йилга кўчириш ҳисобига -321,1 млрд), Сув хўжалиги вазирлиги бюджети 10,14 трлн сўмгача (-296,1 млрд), Экология вазирлиги бюджети 825,1 млрд сўмгача (-58,1 млрд), Тоғ-конь саноати ва геология вазирлиги бюджети 887,4 млрд сўмгача (-51,6 млрд), Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги бюджети 1,1 трлн сўмгача (-344,6 млрд сўм), Ташқи ишлар вазирлиги бюджети 759,3 млрд сўмгача (-115,3 млрд), Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бюджети 917,4 млрд сўмгача (-150,7 млрд) қисқартирилади.

Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси 900 млрд сўмдан 1,42 трлн сўмгача (+524,8 млрд сўм) кўпайтирилади.

Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарни қоплаш учун қабул қилинган дастурлар, президент ва ҳукумат топшириқлари асосида қўшимча 100 млрд сўмга ошиб, жаъми 600 млрд сўм йўналтирилмоқда.

Бош прокуратуранинг бюджети 2,18 трлн сўмгача (+68,9 млрд) ошди, Олий суднинг бюджети эса 1,59 млрд сўмгача (-114,3 млрд) қисқарди.

Миллий телерадиокомпания ва Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) харажатлари бироз қисқарди.

Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия бюджетларини ўз ичига олган «бошқа ташкилотлар» харажатлари 2,48 трлн сўмга ошиб, 47 трлн сўмга етди. 2025 йилда уларнинг молиялаштирилишини қарийб 50 триллион сўмга етказиш режалаштирилган.

«Газета.uz» аввалроқ 60 та вазирлик ва идораларнинг умумий харажатларини 25,9 трлн сўмга — 281,4 трлн сўмгача ошириш таклиф этилаётган Ўзбекистон давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиққан эди.