Шавкат Мирзиёев 2 декабрь куни «Болалар масалалари бўйича комиссиялар фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.
Ҳужжат болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда манзилли ва самарали чора-тадбирларни белгилаш, болалар соғлиғини сақлаш, саломатлигини тиклаш, таълимга жалб этиш, касбга йўналтиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган.
Фармон билан Болалар масалалари бўйича миллий комиссиянинг янгиланган таркиби ҳамда Болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туман (шаҳар) комиссияларининг намунавий таркиблари тасдиқланди.
Ушбу комиссияларнинг асосий вазифалари:
- болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини амалга ошириш, уларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий ривожланишига, қобилият ва истеъдодининг тўлиқ намоён бўлишига кўмаклашиш бўйича чораларни мувофиқлаштириш;
- болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича бажарилаётган ишларнинг тизимли таҳлили, баҳоланиши ва самарадорлигини ошириш;
- болаларни оилага тарбияга бериш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлигини таҳлил қилиш;
- болаларнинг чуқур билим, малака ва кўникмаларни эгаллаши, сифатли таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш бўйича давлат органлари ишини таҳлил қилиш;
- алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни инклюзив таълимга жалб қилиш, уларнинг тиббий-ижтимоий реабилитацияси ва жамиятга интеграциясини таъминлаш бўйича чоралар самарадорлигини баҳолаш;
- болаларда ҳуқуқбузарликларга қарши иммунитетни шакллантириш, улар орасида ҳуқуқбузарликлар, назоратсизлик ва ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар, болалар меҳнатидан фойдаланиш ва бошқаларнинг олдини олиш.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари тегишлича Болалар масалалари бўйича миллий комиссия ва ҳудудий комиссияларнинг ишчи органи вазифасини бажаради. Бунда Миллий гвардияга комиссиялар ишчи органларига комиссиялар йиғилишларини ўтказиш, комиссиялар фаолияти учун зарур ахборотларни тўплаш ва таҳлил қилишда кўмаклашиш вазифаси юклатилади.
Президент фармонига мувофиқ Болалар масалалари бўйича миллий комиссиянинг янгиланган таркиби қуйидагича бўлди:
- Абдулла Арипов — Ўзбекистон бош вазири, миллий комиссия раиси
- Мансурбек Оллоёров — президент маслаҳатчиси — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори, миллий комиссия раиси ўринбосари
- Шаҳноза Мирзиёева — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, миллий комиссия раиси ўринбосари
- Рустам Жўраев — Миллий гвардия қўмондони, миллий комиссия раиси ўринбосари
- Зулайҳо Маҳкамова — бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси
- Орзигул Қозихонова — Олий Мажлис Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси (келишув асосида)
- Нодир Жумаев — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси (келишув асосида)
- Исроил Адҳамов — бош прокурор ўринбосари
- Ҳилола Умарова — мактабгача ва мактаб таълими вазири
- Конгратбай Шарипов — олий таълим, фан ва инновациялар вазири
- Пўлат Бобожонов — ички ишлар вазири
- Асилбек Худаяров — соғлиқни сақлаш вазири
- Озодбек Назарбеков — маданият вазири
- Адҳам Икрамов — спорт вазири
- Шерзод Шерматов — рақамли технологиялар вазири
- Ботир Зоҳидов — камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири
- Шухрат Халмухамедов — мудофаа вазири
- Илҳом Норқулов — иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари
- Қаҳрамон Қуронбоев — Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси
- Содиқ Тошбоев — Дин ишлари бўйича қўмита раиси
- Алишер Саъдуллаев — Ёшлар ишлари агентлиги директори
- Мукаррам Нурматова — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари
- Нуриддин Холиқназаров — Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
- Отабек Ҳасанов — Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари
- Нигина Раҳимова — «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори
- Лавозими бўйича — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги масъул ходими, миллий комиссия котиби
Болалар масалалари бўйича миллий комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.
Болалар масалалари бўйича комиссиялар ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан ҳар чоракда камида бир марта йиғилиш ўтказади. Комиссияларнинг бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган таклифлари давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилади.
Болалар масалалари бўйича комиссиялар ўз йиғилишларида давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг комиссия фаолиятига доир масалалар бўйича ахборотларини эшитиб боради, шунингдек, ваколатлари доирасига кирувчи масалалар юзасидан давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни жалб қилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази томонидан Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция талаблари бўйича БМТга тақдим этиш учун тайёрланган ҳисобот ҳамда БМТ устав ва шартномавий органларининг ушбу ҳисоботни кўриб чиқиш якунлари бўйича берилган таклиф ва тавсиялари Болалар масалалари бўйича миллий комиссия мажлисларида дастлабки тарзда кўриб чиқилади ва якуни бўйича тегишли тавсиялар берилади.