Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти Франция Республикасининг «Озодлик, тенглик, биродарлик» халқаро мукофоти билан тақдирланди. Бу ҳақда 4 декабрь куни Франция Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маслаҳат комиссияси хабар берди.

«Ғолиб лойиҳа Россияда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик ишчилар ва маҳбусларнинг Россия армиясига мажбурий сафарбар этилиши тўғрисида Ўзбекистон фуқароларини хабардор қилишга қаратилган», — дейилади комиссия хабарида.

Франция Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича «Озодлик, тенглик, биродарлик» мукофоти 1988 йилда CNCDH ташаббуси билан яратилган. Ушбу мукофотнинг мақсади бутун дунёда инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва ҳимоя қилишда фуқаролик жамиятининг асосий ролини тан олишдир.

Мазкур мукофот дунёнинг 5 нафар фуқаролик жамияти ташкилотига берилади. Бу галги ғолиблар орасида «Эзгулик» билан бирга Камерундаги Mandela маркази, Гаитидаги Citizens ташкилоти, Колумбиянинг Ludirlena PÉREZ CARVAJAL ташкилоти ва Суриядаги Caesar ташкилотлари бор.

Тақдимот маросими шу йилнинг 10 декабрь — Инсон ҳуқуқлари кунида Парижда ўтказилади. Мукофот Франция Республикаси бош вазири томонидан «Эзгулик» жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановга топширилади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти 2002 йилда ташкил этилган. Жамият Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва демократик қадриятларни ривожлантиришга қаратилган нодавлат ташкилотдир. Ушбу жамият инсон ҳуқуқларини бузиш ҳолатларини кузатиш, таҳлил қилиш ва бартараф этиш билан шуғулланади.