Франция парламентининг қуйи палатаси бўлмиш Миллий мажлис кўпчилик овоз билан бош вазир Мишель Барнье ҳукуматига ишончсизлик вотумини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда Le Figaro хабар бермоқда.
Бу қарор учун 331 нафар депутат зарурий бўлган 289 та овозни берди. Ишончсизлик вотуми муносабати билан бош вазир ва ҳукумат истеъфога чиқади. Барнье Франция президенти Эммануэль Макрон унинг ворисини сайлагунга қадар бош вазир вазифасини бажарувчи бўлиб қолади, яъни мамлакатни яна муваққат ҳукумат бошқаради.
Ҳукуматга ишончсизлик вотумига Барньенинг келаси йил бюджетини парламент билан келишмасдан тасдиқлаш қарори сабаб бўлди. Бюджет тақчиллигини қисқартириш мақсадида вазирлар маҳкамаси харажатларни 40 миллиард еврога қисқартириш, шунингдек, йирик корпорациялар ва бадавлат французлар учун солиқларни оширишни таклиф қилганди (бу ғазнага яна 20 миллиард евро келтириши керак эди). Бироқ унинг бир қатор таклифларига «Янги халқ фронти» сўл коалицияси депутатлари ва ўта ўнг «Миллий бирлашув» партияси ишончсизлик вотуми билан таҳдид қилган ҳолда қарши чиқди.
Radio France Internationale (RFI) рус хизматининг қайд этишича, Барнье парламентдаги партиялар билан музокаралар чоғида бюджет қонунлари учун овоз беришда кўпчилик депутатларнинг қўллаб-қувватлашига умид қилиб, харажатлар ва солиқлар бўйича бир қатор ён босишларга йўл қўйган. Бироқ, охир-оқибат, керакли миқдордаги овозлар билан таъминлана олмади. 2 декабрь куни бош вазир бюджетни тасдиқлаш учун Конституцияда назарда тутилган алоҳида тартибни қўллашга қарор қилди. У бюджет қонунини парламентда муҳокама ва овоз беришсиз, шу билан бирга, ҳукумат томонидан таклиф қилинган асл версияда тасдиқлаш имконини берарди.
Франция Миллий мажлиси шу кунга қадар ҳукуматни фақат бир марта истеъфога чиқаришга муваффақ бўлган. Бу 1962 йилда, депутатлар Жорж Помпиду кабинетига ишончсизлик вотуми учун овоз берганларида содир бўлган. Шу билан бирга, Миллий мажлисда ҳукуматга ишонч масаласида овоз беришнинг ўзи ҳам истисно эмас, деб таъкидлайди RFI. 1958 йилдан буён у 130 мартадан ортиқ ўтказилган.
Президент Макрон 5 сентябрь куни 73 ёшли ўнг-марказчи сиёсатчи Мишель Барньени мамлакат бош вазири лавозимига тайинлаганди. Барнье — ўнг марказчи «Республикачилар» партиясининг фахрийси. Сиёсий фаолияти давомида у Францияда ҳам, Европа Иттифоқи тузилмаларида ҳам турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган. 2016 йилдан 2019 йилгача у Буюк Британия расмийлари билан Европа Иттифоқидан чиқиш бўйича музокараларга етакчилик қилган.
Барнье кабинети қулаши истиқболи фонида мухолифат томонидан Макроннинг ўзини истеъфога чиқаришга чақириқлар ҳам фаоллашди. Бундан ташқари, Elabe компаниясининг аввалроқ эълон қилинган тадқиқотига кўра, французларнинг қарийб 63 фоизи янги тузилган ҳукумат қулагандан кейин президентнинг кетишини қўллаб-қувватлаган бўлар эди.
Шунга қарамай, 3 декабрь куни Макрон Саудия Арабистонига ташриф буюриб, ваколат муддати тугагунига қадар (2027 йилда) ўз ихтиёри билан лавозимидан кетмаслигини айтди. «Бундан ҳеч қандай маъно йўқ, тўғрисини айтсам, бундай гапларни айтиш ярамайди. Сизнинг олдингизда турар эканман, бунинг сабаби шундаки, мен француз халқи томонидан икки марта сайланганман», — дея қўшимча қилди у (Le Monde иқтибоси).