Вазирлар маҳкамасининг қарори билан Музаффар Муротович Комилов Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори этиб тайинланди, деб хабар қилди Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати.

Академиянинг аввалги ректори, ушбу лавозимда 2023 йил сентябрь ойидан бери ишлаб келган Уйғун Ғафуров бошқа ишга ўтгани муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилган эди.

Бунгача Музаффар Комилов 2022 йил февраль ойидан президентнинг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси (кейинчалик бу лавозим президентнинг дин ва миллатлараро муносабатлар бўйича маслаҳатчиси этиб ўзгартирилган) лавозимида ишлаб келган.

Бундан ташқари, у Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари (2018−2022) ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори (2021−2023) лавозимларида ҳам ишлаган.