Қонунчилик палатаси 3 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисда 2024 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонунга ташқи қарз лимитини оширишни назарда тутувчи ўзгартиришлар бирданига уч ўқишда маъқуллади. «Газета.uz» жараённи кузатди. Ҳужжат Сенатга юборилди.

Уч ўқишда овоз бериш натижалари.

Аввал хабар берганимиздек, янги чақириқ депутатлари вазирлик ва идораларнинг 2024 йилдаги харажатларини 9,98 трлн сўмга ёки 775,8 млн долларга оширишни маъқуллади. Улар ҳужжатни муҳокама қилмади, саволлар ва қарши овоз бермади. Жараён атиги 9 дақиқа давом этди. Ҳеч ким харажатларни ошириш зарурлигини асослаб бермади.

Ушбу ўзгартиришлар ташқи қарз бўйича лимитни оширишни ҳам ўз ичига олди. 2024 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонунда Ўзбекистон ҳукумати 2024 йилда жалб қилиши мумкин бўлган суммага чекловлар белгиланганди. Хусусан, умумий қиймати 5 млрд доллардан юқори бўлган қарз (ташқи қарз) бўйича янги халқаро шартномаларни имзолаш тақиқланди. Ушбу маблағнинг 2,5 млрд долларини бюджетни қўллаб-қувватлашга (харажатлар даромадлардан кўп бўлганда бюджет тақчиллигини қоплаш), 2,5 млрд долларини инвестиция лойиҳаларига йўналтириш режалаштирилган эди.

Бироқ ҳукумат давлат харажатлари чегарасига амал қила олмади (ўтган йиллардаги каби), шунинг учун парламентнинг қуйи палатаси ташқи қарз чегарасини 2,3 млрд долларга — 7,3 млрд долларгача оширишни маъқуллади: 3,2 млрд доллар (+700 млн доллар) бюджет тақчиллигини молиялаштириш учун, 4,1 млрд доллар (+1,6 млрд доллар) инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун. Ўтган йили лимит 4,5 млрд доллардан 5,5 млрд долларгача оширилганди.

Ўзбекистон номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажми (ички бозорда қарзни жалб қилиш) ҳам 25 трлн сўмдан 30 трлн сўмга оширилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 14 мартдаги қарорига кўра (очиқ фойдаланиш учун мавжуд эмас) ижтимоий ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида болалар боғчалари ва мактабларни қуриш ва таъмирлаш учун маҳаллий бюджетларда назарда тутилган 4,373 трлн сўм маблағ республика бюджетига ўтказилди.

Бироқ, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бюджетида объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмалар харажатлари атиги 3,95 трлн сўмга — 4,7 трлн сўмгача ўсди. Шундай қилиб, мактаб ва боғчаларни таъмирлаш ва қуриш учун ажратилган қарийб 423 миллиард сўм бошқа мақсадларга йўналтирилди.

2024 йилда Ўзбекистоннинг давлат қарзи 34,9 млрд доллардан 39,7 млрд долларга ошиши кутилмоқда. 2027 йилда давлат қарзи 55,9 миллиард долларга етиши мумкин, аммо Иқтисодиёт ва молия вазирлигига кўра, кўрсаткичнинг ЯИМга нисбатида ўсиш «сезиларсиз» бўлади (36,7%).