Одил Шукурович Темиров «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси этиб тайинланди. Бу ҳақда компания ахборот хизмати хабар берди.

У 2023 йил июлидан бери «Ўзбекнефтгаз» компанияси бошқарув раисининг қайта ишлаш бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган, ундан аввал эса «Ўзкимёсаноат» раҳбарининг ишлаб чиқариш, маҳаллийлаштириш, саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш ҳамда ахборот технологиялари бўйича биринчи ўринбосари бўлган. Шунингдек, у 2019 йил февралидан 2020 йил 31 январгача «Ўзкимёсаноат»га раҳбарлик қилган.

Одил Темиров (1977 йилда туғилган) Тошкент кимё-технология институтини тамомлаган. 1999 йилдан 2017 йилгача Шўртан газ-кимё мажмуасида турли лавозимларда, жумладан корхона директори лавозимида ишлаган.

Темиров янги лавозимда 2023 йил майидан буён шу вазифани бажариб келган Тимур Муҳамеджонов ўрнини эгаллади.

«Ўзкимёсаноат» таркибига «Навоийазот», MAXAM-Chirchiq, «Фарғонаазот», «Аммофос-Максам», «Деҳқонобод калий заводи», «Қўнғирот сода заводи» корхоналари киради. Компания корхоналарини ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турига кўра қуйидаги асосий ишлаб чиқариш мажмуаларига бўлиш мумкин:

  • минерал ўғитлар, ноорганик моддалар ва энергетика, олтинкон ва кимё саноатлари учун кимё реагентлар ишлаб чиқариш мажмуаси;
  • органик кимё, сунъий тола ва полимер материаллар ишлаб чиқариш мажмуаси;
  • ўсимликларни муҳофаза қилиш кимё воситалари ишлаб чиқариш мажмуаси;
  • кальцийлаштирилган сода ишлаб чиқариш мажмуаси.

«Ўзкимёсаноат» корхоналарида 170 дан ортиқ турдаги кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.